Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирда қонун қабул қилинди

“Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирда қонун қабул қилинди

09 август 2021 йил
362
0

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 28 июль куни янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Мазкур билан судларнинг тузилмаси, ваколатлари доираси, судья мустақиллигини асосий кафолатлари, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми,  судьялик лавозимига номзод ва судьяга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби, суд тизимида ташкилий-таркибий ўзгартиришлар, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва тартиби, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, қонунга кўра барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Қонунда, судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланиш ёки тайинланиши, Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этиши, илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шартлиги белгиланди.

Шунингдек, қонун билан судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш тартиби, судьяга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари, шунингдек  интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартиби; судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва судьялар малака ҳайъатларини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Қонунда судьяларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади. Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Мазкур қонун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судьяларни  ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Д.Эшматов,

Жиззах вилоят суди, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.

И.Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар