Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » "Ёшлар дафтари" ҳақида нималарни биламиз?

"Ёшлар дафтари" ҳақида нималарни биламиз?

10 январь 2022 йил
2 179
0

"Ёшлар дафтари" нима?

Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.

"Ёшлар дафтари"га кимлар киради?

Туман (шаҳарлар)даги ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Ёшлар дафтари»га ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган қуйидаги тоифадаги ёшлар киритилади: ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар — муомалага ва меҳнатга лаёқатсиз, ногиронлиги ёки саломатлигида нуқсони бўлган (нафақа олмайдиган), боқувчисини йўқотган, етим, «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларида тарбияланган, муқаддам судланган, пробасия ҳисобида, профилактик ҳисобда ёки маъмурий назорат остида турувчи ижтимоий ёрдамга муҳтож ёшлар, шунингдек, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олувчи фарзандлари; иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар — тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш, шунингдек ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган ишсиз ёшлар; психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар — жамиятда ўз ўрнини топишга қийналаётган, турли хил муаммолар сабабли ижтимоий реабилитасияга муҳтож ёшлар (суисид содир этишга ҳаракат қилган ва бошқалар); ишсиз ёшлар — ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва ушбу органлар томонидан иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли ёшлар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно).

"Ёшлар дафтари"га кириш учун кимга мурожаат қилиш керак?

«Ёшлар дафтари»га кириш учун қуйидагилардан бири орқали мурожаат қилиш мумкин:

• яшаш манзили бўйича сектор раҳбарига;
• www.yoshlardaftari.uz платформаси орқали электрон шаклда;
• 1093 қисқа рақамлари орқали оператор билан боғланган ҳолда;
• yoshlardaftari телеграм бот орқали (@yoshlardaftari_bot);

"Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга қандай ёрдам берилади?

- тадбиркорлик, касб-ҳунар, ҳайдовчилик ва касбга қайта тайёрлов курсларида ўқитилади;
- тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун микрокредитлар ва субсидиялар ажратилади;
- иш билан бандлиги таъминланади;
- етакчи тадбиркорлар ва уста ҳунармандларга бириктирилади;
- иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида деҳқончилик фаолияти учун 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади;
- «Ёшлар дафтари» жамғармаси томонидан молиявий хизматлар кўрсатилади;
- тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади.

"Ёшлар дафтари" жамғармасидан молиявий кўмак олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?

1. Моддий аҳволи қийин ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади – БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм)гача. Бунда, бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган ёшга, биринчи навбатда, қуйидагиларга тайинланади: боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга; ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз ёшларга; И ва ИИ гуруҳ ногирони бўлган ёшларга; қарамоғида ногирон бола бўлган ёш оила (эр-хотиннинг бири)га; ота-оналардан бири И ёки ИИ гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам И ёки ИИ гуруҳ ногирони бўлган ёшларга; табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёшларга. Мураккаб ҳаётий вазиятга тушган бошқа тоифадаги ёшларга, асослантирувчи сабаблари мавжуд бўлганда, секторлар раҳбарларининг хулосаларига асосан Васийлик Кенгаши қарори билан бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин. Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди. Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.
2. Ёшларни тадбиркорлик, касб-ҳунар, ҳайдовчилик ва касбга қайта тайёрлов курсларида ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларининг 75 фоизигача қисми қоплаб берилади. Бунда: тадбиркорлик ва касбга қайта тайёрлов курсларида ўқитиш харажатлари – БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм)гача; касб-ҳунар ва ҳайдовчилик курслари харажатларининг бир ойгача – БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм)гача, бир ойдан икки ойгача –БҲМнинг 8 баравари (1 миллион 960 минг сўм)гача, икки ойдан ортиқ муддатга – БҲМнинг 12 баравари (2 миллион 940 минг сўм)гача. Ўқув курслари харажатларининг қолган қисми тингловчи томонидан нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўқув курси бошида тўлаб берилиши лозим.
3. Томорқа ер эгаси бўлган ёки «Ҳар бир ёшга — бир гектар» тамойили асосида иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида экин майдонлари ажратиб берилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидия ажратилади – БҲМнинг 8 баравари (1 миллион 960 минг сўм)гача. Бунда, секторлар штаби котиби тегишли соҳа мутахассислари билан биргаликда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшнинг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида жойига чиққан ҳолда аризачининг томорқа ерида ёки иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида ажратилган экин майдонида уруғлик ва кўчатлар экиш учун мавжуд шароитни ўрганади ва ўрганиш натижаси бўйича далолатнома тузади.
4. Тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатлари кўпи билан бир йил учун қоплаб берилади – БҲМнинг 25 баравари (6 миллион 125 минг сўм)гача; Бунда, аризачи бино ва иншоотдан фойдаланаётганлиги тўғрисида ижарага берувчи билан ҳар ой якуни бўйича тузиладиган ва кейинги ойнинг 5 санасигача тақдим этиладиган далолатномага асосан Васийлик кенгаши бино ва иншоотнинг ижара ҳақи учун тўловни икки иш кунида ижарага берувчининг ҳисоб рақамига ўтказади.

"Ёшлар дафтари"дан қандай ҳолларда чиқарилади?

  • бандлиги таъминланганда (ишга жойлаштирилганда, тадбиркор ва уста ҳунармандларга бириктирилганда, деҳқончилик учун ер майдонлари ажратилганда ва ҳ.к.);
  • доимий даромад манбаига эга бўлганда (микрокредитлар, субсидиялар ажратилганда ва ҳ.к.);
  • тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатлар белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг ижара харажатлари қопланганда ёки мазкур фаолият учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилганда;
  • турар жой ижара компенсасияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
  • малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
  • аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;
  • ўз аризасига кўра;
  • «Ёшлар дафтари»га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
  • бошқа давлатларга ишлаш ёки доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
  • суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
  • аризачига кўмак бериш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
  • аризачи вафот этган тақдирда.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар