Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Одам савдоси жинояти, унинг келиб чиқиш сабаблари ва, одам савдосини олдини олиш масалалари

Одам савдоси жинояти, унинг келиб чиқиш сабаблари ва, одам савдосини олдини олиш масалалари

27 январь 2022 йил
442
0

Одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.

Одам савдоси – ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа омиллар билан чамбарчас боғлиқ бўлган ёки бевосита уларнинг таъсири остида юзага келадиган мураккаб ижтимоий ҳодисадир. Мазкур факторларнинг кўпчилиги одам савдосининг алоҳида кўринишларигагина таъсир ўтказади. Лекин одам савдосининг барча жиҳатларини қамраб олувчи ва унинг барча босқичларида иштирок этувчи омиллар ҳам анчагина. Ана шундай одам савдосини юзага келишидаги омиллардан бирининг мазмуни шундан иборатки, одам савдогарлари аввал бошиданоқ қурбонларнинг хорижга кетиш орзусидан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Уларни бу йўлда алдайдилар, дарҳол ўз назорат остига олишга ҳаракат қиладилар, ҳамкорлик қилишга ваъда берадилар. Натижада эса алданган қурбонлар ўзлари хоҳламаган бутунлай бошқа минтақада, бошқа давлатда пайдо бўладилар.

Жаҳон ҳамжамиятида одам савдосининг юзага келишидаги маҳаллий шарт-шароит билан боғлиқ бўлган омиллар ҳам мавжуд. Уларга масалан, камбағаллик, жабр-зулм, инсон ҳуқуқларининг, ижтимоий-иқтисодий имкониятларнинг йўқлиги, турли можаролар киради. Сиёсий беқарорлик, милитаризм, фуқаровий тартибсизликлар, ички қуролли низолар ёки табиий офатлар одам савдоси сонининг ортишига сабаб бўлади.

Ўз-ўзидан маълумки, бундай омиллар инсонларни одам савдогарларининг қўлига бориб тушишида "етакловчи куч" бўлиб хизмат қилади. Масалан, бойлик ва камбағаллик каби нисбий тушунчалар инсонлар мигарацияси ва одам савдоси юзага келишида катта роль ўйнайди. Инсонлар камбағаллик унчалик сезилмайдиган бошқа юртларга кўчиб кетишга ҳаракат қиладилар. Айниқса, ривожланаётган мамлакатлардаги оммавий радиоэшиттириш воситалари, телекоммуникация, шунингдек интернет инсонларни бошқа юртга кетиш иштиёқини кучайтирмоқда.

Айрим давлатлардаги маданий урф-одатлар ҳам одам савдосига ўзининг ҳиссасини қўшмоқда. Масалан, жамиятда аёллар ва қиз болаларнинг камситилиши, камбағал оилалардаги болаларни бой, ўзига тўқ бўлган қариндошларга, дўстларга бериб юбориш ҳоллари шулар жумласидандир. Айрим ота-оналар нафақат пул ишлаш илинжида, балки ўзига тўқ оилада яхши яшайди, унинг келажаги ёруғ бўлади, деган умидда ўз фарзандларини сотиб юбормоқдалар.

Одамлар савдосига қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири бу – халқаро ҳамкорлик бўлиб ҳисобланади. Ушбу ҳамкорликни ташкил қилиш учун аввало миллий ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиши лозимдир. Ўзаро халқаро хатти-ҳаракатлар ва халқаро ҳамкорликларсиз чегараларни кесиб ўтувчи пинхоний савдо-сотиқ, айниқса, одамлар савдоси каби турли жиноятларни бартараф этиб бўлмайди.

Шунинг учун давлатлар трансмиллий жиноятларга қарши курашда бир-бирларига ўзаро ёрдам беришлари лозимдир.

Одам савдосига карши курашнинг самарали чора-тадбирлари савдонинг уч томонига ҳам қарши қаратилган бўлиши керак, яъни таклиф, одамлар билан савдо қилувчилар ва эҳтиёж тарафларига.

Одамлар савдосининг таклиф тарафини кўриб чиқишда бу ҳолатни юзага келтирувчи шарт-шароитларга эътибор қаратиш лозим, бу йўлда жамоатчиликни одам савдоси билан шуғулланишнинг оғир оқибатлари ҳақида огоҳ этувчи, одам савдоси жабрдийдалари бўлиш хавфи юқори бўлган муайян гуруҳдаги кишиларнинг таълим олиш, уларнинг турмуш тарзи сифатини кўтаришга, иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган, бу тоифа кишиларни ҳуқуқлари ҳақида тарғибот қилувчи кенг қамровли Давлат дастурларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш лозим бўлади.

Одамлар садоси билан шуғулланувчи шахслар доирасида норматив-ҳуқуқий база яратиш бўйича тадбиқ қилинадиган дастурлар одамлар савдоси йўлларини аниқлаши ва бу фаолият билан шуғулланшни бора-бора йўқ бўлишига олиб келадиган даражада оғирлаштириши, бу борадаги юридик атамаларнинг бир хилдаги ягона изоҳини яратиши, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириши, одам савдо билан шуғулланувчилар ва уларга кўмаклашувчи шахсларни суд тартибида қатъият билан таъқиб қилиши, шунингдек, одамлар савдосини ўсишига ва ундан келадиган даромаддан манфаат кўрувчи коррупция ҳолатлари билан курашишни таъминлаши лозим.

Илхом Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича

Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар