Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди

Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди

06 апрель 2021 йил
435
0

Президентнинг тегишли Фармонига асосан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилинди.

Фармонга асосан, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида:

Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилди;

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими киритилди.

Таъкидлаш жоизки, 2016 йилнинг 2 декабрида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан Қўмита фаолияти йўлга қўйилганди. 

2017 йилнинг августида Президент фармони билан Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Шу кунга қадар Азиз Абдуҳакимов раҳбарлиги остида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан соҳани ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди. 

Соҳа фаолиятини тартибга солувчи норматив асосларнинг такомиллашуви, мамлакатимизга келувчи сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида виза режимининг эркинлаштирилиши, транспорт тизимини яхшилаш, аэропорт ва вокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги туризм маҳсулотлари ва туристик йўналишларни ишлаб чиқиш, нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ва бошқалар шулар жумласидандир. Буларнинг бари шубҳасиз мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқимини кескин ошириш ҳамда Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар қизиқишини кучайтириш йўлида хизмат қилди. 

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туризм соҳасида эришаётган натижалари халқаро майдонда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “National Geographic Traveler Awards” танловининг «Гастрономик туризм» йўналиши ғолиби деб эътироф этилди. 

Ўзбекистон “Lonely Planet” нашриёти томонидан биринчи маротаба Осиёдаги энг яхши йўналишлар рўйхатига киритилди. 

2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) томонидан Ўзбекистон туризм саноати энг тез ривожланаётган Топ-20 мамлакатлари рўйхатида 4-ўринга сазовор бўлди. Туристлар учун хавфсиз мамлакатлар рейтингида диёримиз дунёдаги 180 мамлакат орасида 46, МДҲ мамлакатлари орасида эса 1-ўринни эгаллади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон “Solo Travel Safety Report 2019» рейтингида ёлғиз саёҳат қилувчи туристлар учун хавфсизлиги бўйича 5-ўринни эгаллади. “Research House of Asia Media” нашриёти томонидан Ўзбекистон Осиёдаги энг бой тарихга эга мамлакат дея тан олинди. 

Мадриддаги “Grandvoyage Tourism Awards” тақдирлаш маросимида Ўзбекистон «Энг яхши ривожланаётган туризм йўналиши» номинациясида 1-ўринни эгаллади. 

Британиянинг “Guardian” газетаси Ўзбекистонни 2019 йилда бориш тавсия қилинган энг сара 40 мамлакат рўйхатига қўшди. 

“New York Times” Ўзбекистонни 2019 йилда бориш учун энг яхши жойлар рўйхатига қўшди. Тошкент шаҳри “Worldwide Cost of Living«нинг “Economist Intelligence Unit” йиллик ҳисоботида учинчи ўринни олди. “Indiaʼs Best Awards –2019» томонидан Ўзбекистон энг яхши маданий-тарихий мерос бўйича энг яхши туризм йўналиши деб тан олинди.

“The Guardian” нашриёти Ўзбекистонни дам олиш учун энг яхши йўналиш деб тан олди. 

“Global Muslim Travel Index” ҳалол туризм рейтингига кўра, Ўзбекистон Топ-20 мамлакатлар рўйхатига киради. Ўзбекистон Мусулмон аёллар саёҳати учун энг муносиб мамлакатлар рўйхатида 8-ўринда қайд этилди. 

“Halal Travel Frontier 2020" ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида Ўзбекистон янги трендга асос солган мамлакат сифатида дунёга эълон қилинди. «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингида мамлакатимиз 32 – ўриндан 22 – ўринга юқорилади ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олди. 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар