Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Расмий муносабат: Янгиобод тумани ҳокими ҳеч бир муаммога бефарқ эмас

Расмий муносабат: Янгиобод тумани ҳокими ҳеч бир муаммога бефарқ эмас

22 апрель 2021 йил
414
0

Яқинда ижтимоий тармоқларда блогерлар томонидан Янгиобод туманидаги маданият маркази биносининг хароб аҳволда эканлиги, Маданият вазири О.Назарбековнинг бу масалага эътибор қаратиши лозимлиги, ушбу масала юзасидан туман ҳокими ва сектор раҳбарлари жавоб беришдан қочишганлиги айтилган видеолар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги 178-сонли қарорига асосан Янгиобод тумани Маданият маркази биносини 2015 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. Ушбу марказни қурилиш ишлари учун молиялаштириш манбалари ҳал этилмаганлиги сабабли, бугунги кунда таъмирлаш ишлари тўхтаб қолган.

Ушбу ҳолатга туман раҳбарлари ва мутасаддилар бефарқ бўлмаган ҳолда бир неча маротаба туман ҳокими, вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят Кенгаши депутати томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Янгиобод туманида ягона бўлган Маданият маркази биносини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар қилинган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги томонидан маълум қилиндики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон қарорининг 4-иловасида 2019-2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхатида Янгиобод туман Маданият маркази 2022 йил капитал таъмирланиши кўзда тутилган. Шунингдек, туман Маданият марказининг томоша залини 300 дона юмшоқ ўриндиқлар билан таъминланиши маълум қилинган.

Кўриниб турибдики, ушбу Маданият марказининг бугунги ҳолати, уни замонавий кўринишга келтириш ва аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун зарур шароитларни яратиш каби масалаларга нафақат туман ҳокими, балки мутасаддилар ва депутатлар ҳам бефарқ эмас. Ушбу масала мутасадди раҳбарларнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Тарқалган видеоларда блогерлар томонидан туман ҳокими ва сектор раҳбарлари бу масалада жавоб беришдан қочишганлиги тўғрисидаги гап-сўзлари асоссиз ва умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.

Хусусан, блогерлар туман ҳокимлиги биносига мобил камералари ёқилган ҳолда кириб келишган ва туман ҳокими билан учрашишлари кераклиги айтишиб, бино ичини рухсатсиз тасвирга олишган. Ушбу ҳолат на инсонийлик маданиятига, на бирор бир этика қоидаларига тўғри келади.

Шундай бўлсада, улар туман ҳокимлиги мажлислар залига киритилган ва тез орада раҳбарият тушиб улар билан учрашиши айтилган.

Шу куни туман ҳокими иштирокида чекка ҳудудларда аҳоли билан учрашув борлиги сабабли, блогерларнинг саволларига туман ҳокимининг ўринбосари жавоб беришини, блогерлар билан ўзи иштирокида бирор кунни белгилаб алоҳида учрашув ташкил этишини ўз ёрдамчисига айтиб, аҳолини куттирмаслик мақсадида шошилиб чиқиб кетган.

Шундан сўнг туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Мамадазимов улар билан учрашиб, нима масалада келишганини сўраган ва қанақа саволлар бўлса мурожаат қилишлари мумкинлигини айтганида блогерлар фақат ҳоким билан учрашишлари кераклигини, ҳокимдан бошқаси билан гаплашмаслигини айтган.

Шунингдек, блогерларларнинг огоҳлантиришсиз, учрашув учун қулай вақт масаласи ўзаро келишилмасдан келганлиги сабабли шу куни ҳоким улар учун вақт ажратолмагани, туман ҳокими иштирокида алоҳида кунни белгилаган ҳолда учрашув ташкил этилиши тўғрисида туман ҳокими матбуот котиби томонидан блогерларга тушунтирилган бўлсада, улар туман раҳбари блогерларга жавоб беришдан қочганлиги тўғрисида асоссиз видеолар тарқатган.

Шу ўринда савол туғилади, тумандаги ҳар бир масалага фақатгина ҳокимнинг якка ўзи эмас, ҳоким ўринбосарлари ва мутасадди раҳбарлар ҳам жавобгарку. Агар ўзларини блогерлар деб таништирган бу шахслар ҳақиқатдан фуқаролар мурожаатларига ечим излаб, масалага холис ёндашиш мақсадида келган бўлса,  нега энди ҳоким йўқлигида ҳоким ўринбосари билан  гаплашишни исташмади. Ахир ўринбосарлар ҳокимнинг халқ орасидаги вакиллари эмасми. Бундан кўриниб турибдики, ушбу ҳолатда  блогерлар томонидан холис ёндашилмаган. Акс ҳолда, ҳоким йўқлигини баҳона қилиб, ҳеч қандай маълумотга эга бўлмай туриб раҳбарларни обрўсизлантиришга уринишмаган, қандай бўлсада ўз мурожаатларига ижобий ечим излашга ҳаракат қилишган бўлмасмиди?

Шу ўринда фуқароларимиздан бу каби асоссиз ва раҳбарларни обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган материалларга чалғимасликларини, ҳар қанақа масала ва муаммолар юзасидан туман ҳокими ва мутасадди раҳбарларга мурожаат этишларини сўраб қоламиз. Зеро, туман ҳокими фуқароларнинг ҳеч бир муаммоларига бефарқ эмас.

Янгиобод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар