Аҳоли билан очиқ мулоқот
Жорий йилнинг 28 май куни Жиззах вилоят суди ҳамда Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан Янгиобод туманидаги мутасадди корхона, муассаса ва ташкилотларнинг вакиллари ва аҳоли билан Янгиобод тумани, “Янгиобод” шаҳарча фуқаролар йиғини биносида сайёр учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда йиғилиш қатнашчиларига “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2014 йилдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли Қарори юзасидан кўриладиган шартномаларни бекор қилиш ва инвестициявий жарималар қўллаш” ва “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш” мавзулари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш учун янги қадамлар бўлаётганлиги таъкидланиб ўтилди.
Мазкур учрашув ўзаро очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, тингловчилар томонидан ерга оид ва фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид берилган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мурод Фаязов,
Жиззах вилоят судининг судьяси
Шомурод Бегматов,
Зомин туманлараро иқтисодий судининг раиси