Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди

Уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди

28 май 2021 йил
373
0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 май куни кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича кенг кўламли ва манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метр бўлган 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилди. Кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошди.

Янги уйлар, замонавий массивлар кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Бу бўйича ўтказилган сўровларда кўп қаватли уйларда яшовчи 35 фоиз аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан норози экани, 65 фоизи ширкатлар ишини амалда сезмаётганини айтган.

Бунга сабаб – кўп ширкатларнинг ўзи молиявий оғир аҳволда. Яхши хизмат кўрсатиб, одамлар ишончини қозонолмаяпти. Имтиёзлар берилганига қарамай, кредитлар вақтида сўндирилмаяпти.

Шу билан бирга, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари жуда кўп. Жумладан, охирги 2 йилда соҳанинг 100 га яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Вилоят марказлари, шунингдек, Нукус, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида айрим мавзеларни, тажриба тариқасида, малакали бошқарув-сервис компанияларига бериш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу компаниялар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш жорий қилинади. Хизмат кўрсатиши яхши бўлганларига объект сони кўпайтириб берилади. Барча бошқарув-сервис компанияларида 24 соат ишлайдиган буюртма бериш марказлари ташкил этилади.

Яна бир муҳим масала – кўп ҳолларда, ширкатлардаги қарздорлик хизматлар нархидаги номутаносиблик туфайли келиб чиқарди. Энди, уй-жойларни сақлашнинг минимал хизматлари ва меъёрларини маҳаллий кенгашлар аҳоли билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Бунда, ҳудудий коммунал хизмат бошқармаси тариф параметрларини бандма-банд асослаб, қиладиган ишлари ва кўрсатадиган хизматлари бўйича режаларини тақдимот қилади.

Ижтимоий реестрга кирган эҳтиёжманд оилаларга уй-жойларни сақлашга мажбурий тўловлар учун субсидия ажратилади.

Ахборот технологиялари ва коммуни-кацияларини ривожлантириш вазирлигига шу йил 1 октябрдан бошлаб мажбурий тўловларни биллинг тизимида амалга ошириш бўйича ягона электрон платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Янги қурилган 3 мингта кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилиб, улар учун бошқарув компаниялари ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

- Инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди. Менинг энг катта ташвишим - лойиҳа сифатли эмас. Агар қурилишда коррупция омилларини йўқ қилиб, иқтисод нуқтаи назаридан халқнинг пули назоратини кучайтирсак, натижа бошқача бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда авария ҳолатидаги 212 та икки қаватли уйларни реновация асосида янгидан қуриш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда 456 та авария ҳолатидаги икки қаватли уйларни таъмирлаш ишлари якунига етказилади. Бундан ташқари, бу йил 2 минг 400 та, келгуси икки йилда 4 минг 100 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш керак.

Шу мақсадда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиши белгиланди. Унинг маблағлари тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шакллантирилади. Жорий йилда шу тарзда жами 220 миллиард сўм ажратилиши, қолган 100 миллиард сўмга аҳоли маблағлари жалб қилиниши қайд этилди.

Шундай қилиб, кўп қаватли уйларни таъмирлаш харажатларининг 30 фоизи мулкдорлар томонидан, қолган 70 фоизи эса жамғарма маблағларидан амалга оширилади.

Вилоят ҳокимларига бу маблағлардан мақсадли фойдаланган ҳолда реновация ва таъмирлаш ишларини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда иссиқлиқ тизимини модернизация қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шаҳарларимизда 15 мингта кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик тармоқларига уланган. Лекин 2 минг километр қувурлар яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этмоқда.

Шу боис йил якунига қадар 56 та қозонхона қуриш ва реконструкция қилиш, 205 километр тармоқларни таъмирлаш орқали 2 мингдан зиёд кўп қаватли уйларни марказий иссиқлик тармоғига улаш чоралари белгиланди.

– Янги кўп қаватли уйларни яхлит массив шаклида қуришдан мақсад – энергия ресурсларини, инфратузилма харажатларини иқтисод қилиш. Лекин, бу бўйича вазирликда ҳам, ҳудудларда ҳам ҳалигача ягона ёндашув йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Турар жойларни замонавий иссиқлик таъминотига ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу йил 183 та янги уй-жой массивлари қурилмоқда. Уларга 185 километр ичимлик суви, 290 километр оқава тизими, 130 километр электр, 110 километр табиий газ тармоқлари тортилади. Бунинг учун зарур 415 миллиард сўм маблағнинг манбалари аниқ.

Мутасаддиларга ушбу массивларни инфратузилма билан сифатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Осиё тараққиёт банкининг 50 миллион доллар кредити ҳисобидан аҳоли зич, уй-жойга талаб юқори бўлган туманларда камида 3 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши қайд этилди.

Уй-жойнинг бошланғич бадали учун субсидия тўлаш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатини қисқартириш бўйича кўрсатма берилди.

Ҳудудларни обод қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича бажарилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жорий йилда 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳалладаги шароитларини яхшилаш учун 18 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўллар қуриш ва таъмирлашга яна 300 миллион доллар ажратилган.

Президентимиз бу борадаги ишлар ижросини танқид қилиб, мутасаддиларга қолоқликни бартараф этиш ва лойиҳаларни сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар