Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш аҳоли фаровонлигига хизмат қилади
Жорий йилнинг 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилгани айни муддао бўлди.
O`zLiDeP Янгиобод депутатлик гуруҳи томонидан "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.
Ер ажратилиши ва ундан фойдаланилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш айни вақтда энг асосий масалалардан саналади. Мазкур фармоннинг ижроси эса ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Эътиборга молик томони, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонига мувофиқ, Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, бугун ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад - ишсиз, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборат. Демак, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда биз депутатлар фаол бўлишимиз лозим.
Х.Бердимуратов,
Халқ депутатлари туман Кенгаш депутати,
Халқ депутатлари туман Кенгашидаги
ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси