"Истиқлол баҳори томорқа хизмати" МЧЖ агрокластерида пресс тур ташкил этилди
"Истиқлол баҳори томорқа хизмати" МЧЖ агрокластерида бир гуруҳ фаоллар ва ОАВ вакиллари иштирокида пресс тур ташкил этилди. Тадбир давомида ёш тадбиркор Лазизбек Муродқулов раҳбарлигидаги мазкур жамиятда ташкил этилган лойиҳалар билан танишилди.
Хусусан, Янгиобод шаҳарча фуқаролар йиғинидаги ушбу корхона томонидан истеъмол бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконияти яратилди. Эндиликда ушбу жамиятда туман аҳолисига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун кўчат ва уруғликлар, агротеник ишлов бериш воситалари, етиштирилган воситаларни сақлаш учун сиғими 200 тонна бўлган музлатгич омбори қурилди.
Шунингдек, МЧЖда аҳолига енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб бериш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Салкам 1 гектар майдонда етиштирилаётган лимон, помидор, бодринг сингари маҳсулотлар юртимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Эътиборлиси, иссиқхона ташкил этилиши билан "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган 30 га яқин ишсиз фуқаролар доимий иш ўринларига эга бўлдилар.