Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » "Никоҳдан ажратиш ҳақида"ги ишларни кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари тўғрисида

"Никоҳдан ажратиш ҳақида"ги ишларни кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари тўғрисида

30 июнь 2021 йил
482
0

Барқарор  тарзда  равнақ  топаётган  мамлакатимизда  тинчлик, осойишталик  ва  фаровонликни  янада  мустаҳкамлашнинг  муҳим шарти  сифатида  оила  институтини  ҳар  томонлама  ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар бир оилани, ундаги соғлом маънавий  муҳитни  асраб-авайлаш,  эр-хотин,  ота-оналар  билан  фарзандлар,  қайнона-келин,  қўни-қўшнилар  ўртасидаги  меҳр-оқибат ҳиссини  шакллантириш  бўйича  бир  қанча  дастурий  чора-тадбирлар амалга  ошириб  келинмоқда  ва  улар  амалда  ўзининг  ижобий натижасини бермоқда.

Маълумки,  Ўзбекистон  Республикаси  давлат  мустақиллигига эришган  дастлабки  йиллардан  бошлаб  унинг  инсон  ҳуқуқларига оид  асосий  ғоя  ва  қоидаларини  ўзига  сингдирган  халқаро  ҳуқуқий ҳужжатлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон  декларацияси”  ҳамда  “Болалар  ҳуқуқлари  тўғрисида”ги Конвенцияси қоидаларига мос равишда оилани мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир аъзоси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларда ўз  ҳуқуқ  ва  эркинликларидан  тўлақонли  фойдаланишлари  учун имкониятлар  яратишга  йўналтирилган  миллий  қонунчилик  базаси яратилди ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда доимий равишда такомиллашиб бормоқда.

Жумладан, халқимизнинг миллий ўзига хослиги, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимизга бўлган  ҳурмат  ва  ишонч  рамзи  сифатида  Ўзбекистон  Республикасининг Конституциясига “Оила” деб номланган алоҳида боб киритилиб, унинг 63-моддасида  оила  жамиятнинг  асосий  бўғини,  у  жамият  ва  давлат муҳофазасида эканлиги қатъий кафолатлаб қўйилди. Таъкидлаш  жоизки,  амалиётда  кишилар  ўртасида  оила  ва  никоҳ муносабатлари  билан  боғлиқ  турли  англашмовчиликлар,  хато  ва камчиликлар,  можаролар  учраб  туради.

Бунга  кўпинча  низодаги тараф  бўлган  фуқароларнинг  ўз  ҳақ-ҳуқуқларини,  амалдаги  қонун ҳужжатларини яхши билмаслиги ёки иккинчи тарафнинг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлмоқда.  

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июндаги  «Ижтимоий  барқарорликни  таъминлаш,  муқаддас  динимизнинг софлигини  асраш  –  давр  талаби»  мавзусидаги  анжуманда  сўзлаган нутқида  жамиятимиз  ҳаётида,  халқимиз  орасида  учраб  турадиган, айниқса  оила  ва  никоҳ  соҳасида  дуч  келинаётган  ўта  долзарб, оғриқли  ва  ўткир  муаммолар  тўғрисида,  хусусан,  турмуш  қурган ёшлар  орасида  ҳаётни  енгил-елпи  тасаввур  қилиш,  оила  муқаддас эканини  тушуниб  етмаслик  ҳолатларининг  учраб  турганлиги,  ёш оилалар  орасида  арзимас  сабаблар  билан  ажралишлар  кўпайиб бораётганлиги,  бегуноҳ  болалар  етим  бўлиб,  меҳр  ва  эътиборга  энг ташна  вақтида  ота-она  тарбиясидан  четда  қолаётганлиги  ҳақида гапириб,  “...  оилаларда  носоғлом  муносабатлар,  қайнона-келин,  эр-хотин  ўртасидаги  жанжаллар,  хотин-қизларимиз  орасида  ўз  жонига қасд  қилиш  ҳолатлари  борлиги  шахсан  мени  қаттиқ  изтиробга  солмоқда”, деган эдилар.

Дарҳақиқат,  жамият  ва  давлат  учун  оила,  никоҳ,  оналик,  оталик ва  болалик  ижтимоий  жиҳатдан  муҳим  аҳамиятга  эгадир,  зеро  ушбу тушунчалар  жамият  ва  давлат  шаклланишини  таъминловчи  муҳим омиллар  ҳисобланади.  Шу  сабабли  оила  ва  никоҳ  масалаларига, учраётган  муаммоларга  ижтимоий-сиёсий,  илмий  ва  оддий  турмуш нуқтаи назаридан ёндошиш, мазкур муносабатларни қонун доирасида тартибга  солиш,  бу  борадаги  қонун  ҳужжатларини  реал  воқеликдан келиб  чиққан  ҳолда  такомиллаштириб  бориш,  уларнинг  мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тушунтириш, оиланинг ҳар бир аъзоси, никоҳга  кирувчи  шахсларнинг  ҳақ-ҳуқуқларини  қатъий  ҳимоя  қилиш талаб этилади.

Никоҳ тушунчасига  таъриф  бериладиган  бўлса,  бу  эркак  ва аёлнинг ихтиёрий ҳамда ҳуқуқларининг тенглиги асосида оила тузиш ва эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаришга қаратилган иттифоқидир.

Ўзбекистонда  никоҳнинг  қонуний шакли  уни  ФҲДЁ  органларида давлат  рўйхати  орқали  қайд этилиши ҳисобланади. Никоҳнинг  давлат  рўйхатидан қайд  қилиниши  ҳуқуқ  белгиловчи  аҳамиятга эга: шу пайтдан бошлаб эр-хотинларнинг  ўзаро  ҳуқуқ  ва  мажбуриятлари  вужудга  келади, уларга  никоҳ  қайд  қилинганлиги  тўғрисида  гувоҳнома  берилади ва  фуқаролик  паспортларида  уларни  қонуний  никоҳда  турганлиги фактини тасдиқлайдиган белги қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига асосан агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади. Никоҳдан ажратилишига  эр (хотин)  қарши  бўлганда  суд оилани сақлаш, даъво аризада

кўрсатилган  ва  аниқланган асосларни  бартараф қилиш  чораларини  кўради,

даъво  аризада  кўрсатилган важларнинг  қанчалик  асосли эканлигини аниқлайди.

Никоҳдан  ажратишга  доир  ишлар  бўйича  қонуний  ва  асосли  ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар  тарафлама,  тўлиқ  ва  холисона  текшириб  чиқиши,  жумладан, эр-хотин  ўртасидаги  ўзаро  муносабатлар  хусусиятини,  никоҳдан ажратиш  масаласи  қўйилишига  асос  бўлган  сабаблар,  эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт.

Никоҳдан  ажратиш тўғрисидаги  талаб  фақат  эр-хотин  бундан  буён  бирга  ҳаёт  кечиришларининг  ва  оила  батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим (Оила кодекси 41-модда).

Суд  амалиётида  никоҳдан  ажратиш  тўғрисидаги  даъвони қўзғатишга, одатда, эр-хотиннинг спиртли ичимликка ружу қўйганлиги, қўпол муомала бўлиши, узоқ вақт давомида бирга яшамаслиги, ҳиёнат ёки  иккинчи  оиланинг  бўлиши,  фарзанд  бўлмаслиги  каби  ҳолатлар сабаб бўлади.

Аммо  турмушда кечадиган  вақтинчалик келишмовчиликлар  ва тасодифий  сабабларга кўра  эр-хотин  ўртасида келиб  чиққан  ихтилофлар, шунингдек,  эр-хотиндан  бирининг  ёки  ҳар  иккаласининг  жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда суд даъвони рад этади. Никоҳдан  ажратиш  ҳақидаги  ишни  кўришда  суд  эр-хотинни яраштириш  ва  оилавий  вазиятни  соғломлаштириш  борасида  тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра  ишнинг  кўрилишини  бошқа  вақтга  қолдиришга  ва  эр-хотинга ярашишлари учун олти ойгача мухлат белгилашга ҳақли.

Оиладаги  вақтинчалик  келишмовчилик,  тасодифий  сабабларга кўра  эр-хотин  ўртасида  келиб  чиққан  низолар,  шунингдек,  жиддий асосларга  эга  бўлмаган  сабабларга  кўра  эр-хотиндан  бирининг ёхуд  ҳар  иккаласининг  никоҳ  муносабатларини  давом  эттиришни хоҳламаслиги никоҳни бекор қилиш учун етарли асос бўла олмайди.

Никоҳдан  ажратиш ҳақидаги  фуқаролик ишларини  кўришда судлар  Ўзбекистон Республикаси  Оила кодекси  38–47-моддалари, Ўзбекистон  Республикаси ФПК 241-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011  йил  20  июлдаги  «Судлар  томонидан  никоҳдан  ажратишга  оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 06-сонли қарорига асосланади.

 

Жаҳонгир Эсонов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар