Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш – тараққиётни таъминлаш омили

Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш – тараққиётни таъминлаш омили

05 июль 2021 йил
510
0

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида юритаётган ташқи сиёсати, аввало, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон, шунингдек, минтақамизнинг инвестицион жозибадорлигига йўл очди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга сўнгги Мурожаатномасининг ташқи сиёсат бўлимида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат етакчиси ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш алоҳида эътиборда бўлишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йили Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилиб, жорий йил 15-16 июль кунлари пойтахтимизда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг йиллик маслаҳат учрашувларини ташкил этиш ташаббуси ҳам минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Биринчи шундай учрашув 2018 йили Нурсултонда, иккинчиси 2019 йили Тошкентда ўтказилган бўлса, учинчиси пандемия сабаб 2021 йилга қолдирилган.

Шуниси аҳамиятлики, давлатимиз раҳбари илк хорижий ташрифларини 2017 йилнинг март ойида Марказий Осиё давлатларидан бошлади: аввал Туркманистон ва Қозоғистон, сўнг Қирғизистон ва Тожикистонга ташрифлар амалга оширилди. Ушбу ташрифлар чоғида бизнес форумлар ўтказилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро битимларнинг салмоқли пакетлари имзоланди. Бу эса Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ, кооперацион алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди. Бундан ташқари, қўшни давлатларнинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва минтақавий иқтисодий форумлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Ўзбекистонга жавоб ташрифлари эса кўп томонлама ҳамкорлик пойдеворини янада мустаҳкамлади ҳамда иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирди.

Биргина 2021 йилнинг март ойида Қирғизистон раҳбари Ўзбекистонга, шу йил июнь ойида эса мамлакатимиз раҳбари Тожикистонга ташриф буюрди. Ушбу ташрифлар чоғида саноат кооперацияси йўли билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва қўшма ишлаб чиқариш объектларини яратиш бўйича келишувларга эришилди.

Хусусан, кейинги йилларда Қирғизистон ва Тожикистон билан ўзаро товар айланмани икки баравар кўпайтириш мақсадлари қўйилиб, Ўзбекистонда сув таъминотини сезиларли даражада яхшилайдиган гидроэнергетика лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Маҳсулотларимизни Марказий Осиё бозорларида тарғиб қилиш мақсадида қўшни давлатларда Ўзбекистон савдо уйлари очила бошлади.

Шу тариқа Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан яхши қўшнилик, дўстона, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш сиёсати савдо-иқтисодий, кооперация, инвестициявий ҳамкорликни, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида транспорт логистикаси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш учун ишончли замин яратди.

Пировардида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган савдо айланмаси 2 баробардан зиёд ошиб, 2,5 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларгача ўсди.

Ўсиш кўрсаткичи Қозоғистон билан – 1,8, Қирғизистон билан – 5, Туркманистон билан – 2,7 ва Тожикистон билан – 2,4 баробарни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий савдо айланмасидаги улуши ҳажми ҳам 10,2 дан 12,4 фоизга ошди.

Коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий фаолликнинг умумий сусайиши сабаб 2020 йил якунларига кўра Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси қисман, яъни 2019 йилдагига нисбатан 5,4 фоиз пасайди, бироқ Ўзбекистоннинг умумий товар айланмасида Марказий Осиё давлатлари улуши 12,4 фоиздан 13,6 фоизга ошди.

2021 йил январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоиз ўсди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг умумий товар айланмасида Марказий Осиё мамлакатлари улуши 17,2 фоиз ортди. Бу мамлакатимизда ички минтақавий савдо-сотиқнинг кенгайганидан далолат беради.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон улуши Ўзбекистон товар айланмасининг энг катта ҳажмига эга. 2020 йилда Ўзбекистон билан минтақавий товар айланмасида Қозоғистоннинг улуши 61, Қирғизистонники 18,2, Туркманистон улуши 10,6, Тожикистон улуши эса 10,1 фоизни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасинг энг асосий кўрсаткичи экспорт ҳажми бўлиб, бунда экспорт қилинаётган товарларнинг чет эл бозорларида кириб бориш имкониятларни ҳамда уларнинг рақобатбардошлик даражасини кўрсатади.

2016 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти қарийб 2 баробардан ёки 1,3 миллиард доллардан 2,5 миллиард долларгача ва Ўзбекистон умумий экспортида Марказий Осиё давлатлари улуши 10,8 дан 14,5 фоизга ўсди. Шунингдек, экспорт ҳажми Қозоғистонга – 1,5, Қирғизистонга – 5,5, Тожикистонга – 2, Туркманистонга 1,8 баравар ошди. Коронавирус пандемиясига қарамай, 2020 йилда Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт мос равишда 13 ҳамда 23,5 фоиз кўпайди.

2021 йилнинг январь-апрель ойлари якунларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоиз ошди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг умумий экспортида Марказий Осиё давлатлари улуши сезиларли – 19,9 фоиз ошди, яъни экспортнинг деярли бешдан бир қисми минтақа мамлакатларига тўғри келди.

Марказий Осиё мамлакатларига асосан қайта ишлаш саноатининг тайёр маҳсулотлари экспорт қилинишини ҳисобга олсак, етказиб бериладиган хомашё экспортини ҳисобга олмаган тақдирда ҳам минтақа давлатларининг умумий экспорт ҳажмидаги улуши анча юқори бўлади.

2020 йил якунларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларига 454 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки соҳадаги умумий экспортнинг 45 фоизи, 365 миллион долларлик тўқимачилик товарлари ёки ушбу маҳсулотлар умумий экспортининг 20 фоизи етказиб берилди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларига қарийб 150 миллион долларлик енгил автомобиллар экспорт қилинган, бу эса барча автомобиллар экспортнинг 85 фоизидан ортиқдир. Шу жумладан, Марказий Осиё давлатлар ичида енгил автомобиллар экспорт улушининг асосий қисми Қозоғистонга тўғри келди.

Шунингдек, экспорт қилинаётган электротехника маҳсулотларининг 20 фоизга яқини Марказий Осиё мамлакатларига етказиб берилмоқда ва минтақа бозорлари айрим товар позициялари, хусусан, маиший техника учун “қайноқ манзил” ҳисобланади. Масалан, 2020 йилда маҳаллий “Аrtеl” компанияси маҳсулотларининг Қозоғистон ва Қирғизистондаги ярим автоматик кир ювиш машиналари бозоридаги улуши 50, Тожикистонда 70 фоизга, ошхона плиталари учун: Қозоғистондаги улуши 65, Қирғизистондаги улуши 20 фоизга, сув иситгичлар учун: Тожикистондаги улуши 58, Қозоғистондаги улуши 37 фоизга етди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш ҳажмини янада ошириш истиқболлари улкан. Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда минтақа давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 142,6 миллиард долларни ташкил этди, шундан 12,7 миллиард доллари ёки 8,9 фоизи ички минтақавий савдо улушидир.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларининг хомашё экспортини ҳисобга олмаган тақдирда ҳам фойдали қазилма ҳисобланмайдиган товарлар учун минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо улуши анча юқори бўлади.

Шунингдек, ички минтақавий савдо ҳажмини, айниқса, тайёр маҳсулотлар ҳисобига ошириш улкан истиқболга эга, деб ҳисобланмоқда. Халқаро савдо маркази методологияси бўйича қилинган ҳисоб-китоблар Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдода 1,1 миллиард доллар, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида 530 миллион, кимё саноатида 180 миллион, металлургия саноатида 120 миллион, енгил саноат товарлари борасида 110 миллион долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатди.

Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё мамлакатларига 600 миллион доллардан кўпроқ, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 350 миллион, енгил саноат маҳсулотлари бўйича 90 миллион, кимёвий маҳсулотлар бўйича 80 миллион долларлик ҳамда металлургия маҳсулотлари бўйича 48 миллион долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳиятига эга.

Марказий Осиё мамлакатларининг ички бозорларга ўзаро киришининг кенгайтирилиши, асосан, тайёр маҳсулот экспортини ошириш бўйича кўп жиҳатдан улар томонидан қўйилган вазифаларни ҳал қилишга ёрдам беради. Чунки хомашё бўлмаган кўпгина товарлар ўзаро савдосида улар рақобатчи эмас, балки шериклар бўлиши мумкин.

Марказий Осиё иқтисодиёти ва аҳолисининг ўсиши билан ички ҳудудий бозорнинг умумий салоҳияти ҳам юксалади, мамлакатлараро кооперацион алоқалар ва ўзаро савдо-сотиқ кенгайиши эса унинг инвестицион жозибадорлигини оширади.

BCG халқаро консалтинг компанияси ҳисоботига кўра, кейинги 10 йил давомида Марказий Осиёнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш салоҳияти 170 миллиард долларни ташкил этади.

Марказий Осиё мамлакатларининг инвестицион жозибадорлиги ошиши билан Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан инвестицион ҳамкорлиги ҳам кенгайиб бормоқда. Масалан, сўнгги йилларда Қозоғистон капитали иштирокида Ўзбекистонда рўйхатга олинган корхоналар сони 856 тадан 999 тага, Қирғизистон корхоналари 169 тадан 217 тага, Тожикистонники 171 тадан 205 тага, Туркманистон корхоналари эса 155 тадан 159 тага кўпайди.

Ўзбекистон сармоялари ҳам Марказий Осиё давлатларида фаол иштирок эта бошлади. Масалан, Тожикистонда маиший электроника ишлаб чиқариш бўйича “Артел Авесто Электроникс” қўшма корхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Трансформатор ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар тузиш режалаштирилмоқда. Қирғизистоннинг Ўш вилоятида пластик эшик ва дераза ромлари, маиший техника ишлаб чиқариш қўшма корхоналари ишламоқда, ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникаси ва автотранспорт ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Қозоғистонда автомобилларни йиғиш қўшма корхонаси, тўқимачилик фабрикаси фаолият юритмоқда, маиший техника ишлаб чиқариш заводи очилиши кўзланмоқда. Бундан ташқари, ишлов бериш саноати, қурилиш, автомобиллар савдоси ва сервис хизмати соҳаларида ўзбек капитали иштирокидаги 1200 дан ошиқ кичик бизнес корхонаси ишламоқда.

Олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган келишувлар асосида ташкил этиладиган Ўзбек-қирғиз инвестицион жамғармаси ва Ўзбек-тожик инвестицион компанияси маблағлари инвестицион ҳамкорликнинг янги шакли сифатида ҳамкорликдаги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ғишткўприк” чегара божхона пости ҳудудида Марказий Осиё халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилиши бошланиб, у икки давлатнинг ҳамкорликдаги инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш учун йирик саноат ва савдо-логистика майдонига айланади. Марказ 400 гектар майдонни эгаллайди ва у бир кеча-кундузда иккала йўналишда 35 минг одам ва 5 мингта юк автомобилини ўтказиш қобилиятига эга бўлади.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги ривожи транспорт соҳасида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, минтақада халқаро транспорт йўлаги ва инфратузилмасини шакллантириш минтақа давлатларининг экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказишда транспорт харажатлари пасайишига имконият яратади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон учун ишончли ва хавфсиз транспорт йўналишларини йўлга қўйиш ўта муҳим масала. Чунки маҳсулотларни очиқ денгиз портларига етказиб бериш учун юк ташувчиларимиз исталган йўналишда камида иккита мамлакат ҳудудини кесиб ўтиши керак бўлади.

Ўзбекистон Президенти ўзининг Туркманистонга қилган илк ташрифи чоғида Амударё орқали ўтган Туркманобод – Фароб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу кўприклар юк ташиш ҳажмини 2,5 баравар ошириш имконини беради ва Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.

Хитой ва Қирғизистон билан ҳамкорликда қурилган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳам Ўзбекистон учун муҳим лойиҳа ҳисобланади. У амалдаги йўналишларга нисбатан масофани 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақтини эса 7-8 кунга қисқартириш имконини беради.

Қозоғистон билан шимол-жануб ва тескари йўналишда тўғри, мультимодал транспорт йўналишларини ягона тариф сиёсатида шакллантириш транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади ва у икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади.

Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан Марказий Осиё марказида жойлашуви минтақадаги савдо-сотиқ доирасида товарларни қўшни мамлакатлар бозорларига қисқа йўналишлар билан етказиб бериш ва транспорт харажатларини минималлаштиришга йўл очади. Бу эса маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун қулай имкониятларни тақдим этади.

Хулоса ўрнида қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон юритаётган очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сиёсати Марказий Осиё мамлакатларида қўллаб-қувватланмоқда. Қўшни давлатлар Ўзбекистоннинг ишонч ва яқин қўшнилик муҳитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқда, Марказий Осиё давлатлари минтақани барқарор, хавфсиз, ҳамкорликда гуллаб-яшнаган маконга айлантиришга тайёрликларини изҳор қилмоқда. Бу эса минтақа давлатлари иқтисодиётларнинг тезкор тараққиётига ёрдам беради.

Обид ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Администрацияси ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

маркази директори

"Янги Ўзбекистон" газетаси
№ 125 (381), 2021 йил 22 июнь

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар