Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар

Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар

29 сентябрь 2021 йил
430
0

Маълумки, 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий хаётидаги муҳим кун ҳисобланади, яъни ушбу кунда Республикамизда Президент сайлови ўтказилади.

Президент сайловини халқаро ва миллий стандартлар асосида ўтказиш юзасидан мамлакатимизда қатор ижобий жараёнли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 8 февралда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши амалдаги сайлов қонунчилигига бир қатор янгиликларни олиб кирди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга кўра эндиликда сайлов аввалгидек декабрь ойида эмас балки октябрь ойида ўтказилади.

Сайлов Кодексининг 10-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилса, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузиладиган бўлди. Илгари эса барча сайлов участкалари округ сайлов комиссиялари томонидан тузилар эди. Мазкур ўзгартириш билан туман сайлов комиссиясига туманнинг ички салохият ва имкониятиларидан келиб чиқиб сайлов участкалари тузиш ҳуқуқи берилмоқда.

Сайлов кодексининг 25-моддаси аввалги тахририда участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас деган қоида мавжуд эди. Мазкур қоида мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида сайлов участкалари ташкил қилинишида қийинчиликлар туғдирарди. Киритилган ўзгартиришга кўра эса мазкур қоида мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил қилинган сайлов участкаларига татбиқ қилинмайди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири бу кузатувчилар ҳақида бўлиб Сайлов кодексининг 33-моддаси олтинчи хатбошисига кўра кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши керак.

Сайловга оид муҳим янгиликлардан бири “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 31 майдаги қонунининг қабул қилинишидир. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига бир қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиришларга кўра сайлов комиссияларининг мурожаатларни кўриб чиқиш ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Эндиликда сайлов комиссиялари сайловчилар ва сайловнинг бошқа иштирокчилари мурожаатларини кўриб чиқиш ваколатига эга лекин сайлов комиссиялари ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат судлар томонидан кўриб чиқилади.

Дилшод Эшматов,

Жиззах вилоят судининг судьяси

Илхом Карабаев,

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар