Янгиободда 1 октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни"га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Бугун Янгиобод туманида 1 октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни"га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда ёшларга таълим-тарбия бериб келаётган педагог ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар, тарбиячилар ҳамда фахрий ўқитувчилар иштирок этишди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев устоз ва мураббийларни бугунги касб байрамлари билан табриклаб, келажак эгаларимизга таълим-тарбия бериш йўлидаги фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, жорий йилда таълим соҳасида эришган ютуқларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, мактабларимизда таҳсил олаётган 5 нафар ўқувчилар, жумладан, 3-13 ва 16 мактаблардан 1 нафардан ҳамда 18 мактабдан 2 нафар ўқувчиларимиз Президент мактабларига қабул қилиндилар.
Шунингдек, жорий ўқув йилида 18 та умумтаълим мактабини жами 365 нафар 11 синф ўқувчилари битириб, уларнинг 147 нафар (40,3 %) олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Жумладан, 96 нафари (26,3 %и) Давлат олий таълим муассасалари, 34 нафари (9,3 %и) Ўзбекситондаги хорижий давлат олий таълим муассасаларининг филиаллари, 17 нафари эса (4,7%) хорижий олий таълим муассасаларининг талабаларига айландилар.
Ўтган йилги кўрсаткич 372 нафар битирувчидан 74 нафари (19,9 %и) олий таълимга жалб қилинганини ҳисобга олинганда, бу йил 15,7 % га ўсишга эришилди. Бу натижалар билан Янгиобод тумани ҳозирда вилоятдаги бошқа туманларга нисбатан энг юқори кўрсаткични эгаллаб турибди.
Фурсатдан фойдаланиб, бундай натижаларга муносиб ҳисса қўшган мактабнинг раҳбарлари ва ўқитувчиларига чуқур миннатдорчилик билдирган туман раҳбари, қўлга киритилган бу каби ютуқларимиз ўқитувчи ва мурабийларимизнинг ҳалол ва фидокорона меҳнатлари самараси эканини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг бир гуруҳ устоз ва мураббийлар ҳамда фахрий ўқитувчиларга фахрий ёрлиқ ва байрам совғаларини топширди.
Байрам тадбири меҳмонларнинг дил сўзлари ҳамда истеъдодли санъат усталарининг куй-қўшиқ ва қизиқарли саҳна чиқишлари билан кўтаринки руҳда давом этди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати