Таъзим ва эҳтиром сизга, азиз устозлар
Дунёда ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ва машаққатли касб бўлмаса керак. Борлиқни англаш, илм-фан сирларини эгаллашда барча бирдек ўқитувчи ва мураббийлар кўмагига таянади.
Шу боис, мамлакатимизда улар меҳнатини эъзозлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оилада фарзанд туғилганидан бошлаб камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.
Айниқса, инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, беш йил олдин юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 19 минг 316 тага, тизимдаги қамров 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етди.
Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга келиб математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Таълим соҳаси ривожланишига бўлган эътибор туфайли ўқув тарбия жараёнини сифати ошмоқда ва ўқитувчилар таркиби ҳамда салоҳияти яхшиланиб бормоқда. Хусусан, мактабгача таълим ва олий таълим тубдан ўзгариб, ислоҳотлар ўз мевасини бермоқда. Бунга мактабгача таълим ва олий таълим муассасаларига қамров даражасини мисол сифатида келтириш мумкин.
Шу билан бирга, соҳада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кам эмас. Жумладан, фарзандларимизни, ёшларимизни сифатли таълим билан тўлиқ қамраб олиш баробарида устозлар салоҳиятини ошириш ва янги кадрлар тайёрлаш ҳам бугунги кунда энг долзарб масала бўлиб турибди.
Агар жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Уларда таълим берадиган устозлар қўлида эса эртанги кун, келажакни қурадиган ёшларимиз сайқалланиб, шаклланиб, ватанга фидойи инсон бўлиб тарбияланади.
Муболағасиз айтиш мумкинки, ўқитувчилик шундай шарафли касбки, бир умр йўлимизни чароғон этади, қалбимизга илму урфон уруғини қадайди. Шу сабабли кейинги йилларда мамлакатимизда устозга муносабат буткул ўзгариб, устоз-муаллимнинг ижтимоий мавқеини кўтариш, бу шарафли касбни улуғлаш борасида улкан ишлар бошланди. Ҳозир ўқитувчи касбини улуғлаш, уни том маънода жамиятнинг илғор қатлами даражасига кўтариш борасида қилинган ишлар кўнгилга ёруғлик-нур, илиқлик бағишлайди.
Хулоса ўрнида айтганда, ўқитувчи ва мураббийларнинг сабоқлари, ўгитлари ҳаётда доимо асқотади, бизни тўғри йўлга бошлайди. Шу нуқтаи назардан, қўлимизга илк бор қалам тутиб, хат-саводни ўргатган муаллимларга доимо таъзимдамиз.
Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати