Она тили – маънавий бойлик, юксак қадрият
Ҳар бир миллатнинг ўз она тили бор. Инсон ўз она тили орқали дунёни танийди, жамиятда ўз ўрнини топади. Тил-инсоннинг миллий ва маънавий бойлиги ҳисобланади. Тил-она алласи орқали кириб, инсоннинг руҳиятига миллийликни сингдиради. Тил - миллатнинг кўзгусидир. Бу ҳақда маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур” деган гапларини эслаш ўринлидир.
Ўзбек тили тараққиёти бугунги кунга қадар жуда катта тарихий йўлни босиб ўтган. Тилимизнинг илк намуналари Ўрхун-Энасой битикларида учрайди. Улардаги ёзувларда акс этган тилимиз қадимги туркий тил ҳисобланади.
XI-XIIасрларда мамлакатимиздаэски туркий тил шаклланган.Бу даврда яратилган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари, Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билик”, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарлари эски туркий тилда ёзилган адабиётнинг юксак намуналаридир.
XIV-XV асрлар эски ўзбек адабий тили ривожланишида Лутфий, Саккокий каби мумтоз адабиёт вакилларининг айниқса А.Навоийнинг асарларининг алоҳида ўрни бор. У “Муҳокамат-ул луғатайн” асарида туркий тилнинг бой ва жозибадор эканлигини исботлаб берди. Унинг бебаҳо мероси- шеъриятининг салмоқли қисми ўзбек тилида яратилди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай деган эди:
Чунки топтим ул калом ичра камол,
Турк алфози била сурдум мақол…
Турк назмида чу мен тортиб қалам,
Айладим ул мамлакатни якқалам…
А.Навоий ўз фаолияти давомида тилимиз ривожи учун курашди,унинг бу соҳадаги ишларини подшоҳ- Султон Ҳусайн ҳам қўллаб, махсус фармон билан ўзбек тилига давлат тили мақомини берган эди.
Мутахассисларнинг фикрича, Навоий ўзбек тилида 26 035 сўзни қўллаб, Шекспирдан 6 мингта, Жомийдан 10 мингта, Пушкиндан 5 мингтадан ортиқ сўз ишлатди. Навоийдан сўнг Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Турди Фароғий, Муқимийлар ҳам эски ўзбек тилининг тараққиётига беқиёс катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг бетакрор шеърияти, туркий тилда ёзилган ғазаллари,туюқлари, рубоийлари орқали биз ўз тилимизнинг нақадар жозибадор эканлигини ҳис қиламиз.
XIX асрга келиб тилимизга эътибор бирмунча сусайди. Бу ҳақда жадид адабиёти вакили, буюк маърифатпарвар бобомизА.Авлоний ўзининг “Ҳифзи лисон” мақоласида: “Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонликлар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз” дея таъкидлайди. Жадидлар миллий тилни асраш мақсадида кўп ишларни амалга оширишга ҳаракат қилишди, лекин бу ҳаракатлар кўп ҳолларда самарасизбўлганлиги тарихимиздан яхши маълум. Фақатгина, 1989 йилда ўзбек зиёли қатлами она тилимизни ёқлаб овоз берганлари туфайли миллатимиз она тили мақомини, ўзбек тили мақомини қайта тиклади.
1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Олий Кенгашининг XII сессиясида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”гиҚонуни қабул қилинди. Бу Қонун мустақиллик арафасида турган давлатимиз ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб тарихга кирди.Унга кўра тилимизга “давлат тили” мақоми берилди. 1990 йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Кенгашининг 101-сонли қарори билан ушбу Қонунни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Давлат Дастурида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кун-21 октябрь ҳар йили юртимизда“Тил байрами”сифатида нишонланиши белгилаб қўйилди.
Биринчи қабул қилинган Қонун 30-моддадан иборат бўлиб, аввал ўзбек тилининг қадр-қимматини, ҳуқуқини, ўрнини тиклаш учун хизмат қилди.Қонуннинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили- ўзбек тилидир” деб кўрсатиб қўйилди.
Ўзбек тилининг тараққиёти ва истиқболи тўғрисида ғамхўрлик қилиниб,бир қанча қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасинингбарча корхона, муассаса, ташкилотларида иш давлат тилида олиб бориладиган бўлди, бу эса халқимиз учун енгилликлар яратди.
Ўзбекистон Республикасининг барча таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар давлат тилида ўқитила бошланди.
Республика миқёсидаги энг йирик анжуманлардан кичик йиғилишларгача давлат тилида олиб борилади деб кўрсатилиши ўзбек тилининг салоҳиятини янада оширди.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Давлат суверенитети” ҳақидаги Iбобининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб белгилаб қўйилди.
Давр тақозоси билан “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга ҳам айрим ўзгаришлар киритилди ва 1995 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда“Давлат тили ҳақида”ги Қонуни эълон қилинди. Бу Қонун 24 моддадан иборат бўлиб, бу билан давлат тилига доир ижтимоий, маънавий тараққиёт талаблари, она тилимизни янада ривожлантириш вазифалари ўзининг мукаммал ҳуқуқий асосига эга бўлди.
Ўтган йиллар мабайнида тилимиз ҳам давр билан ҳамнафас ривожланиб, тарихан шаклланди. Айни пайтда ғурур ва ифтихор билан шуни таъкидлаш ўтиш ўринлики, унинг бошқа тиллардан қатор афзалликлари бор. Жумладан, ўзбек тилида ҳурмат бор, бу тилда иззат бор. Айрим тиллар бор Сизлашни билмайди. Масалан, араб тили буюк тил, аммо уларда сизлаш формаси йўқ,рус тилига диққат қилсангиз отасини ҳам, онасини ҳам сен дейди. Ўзбек тилининг жозибаси, буюклиги ҳам унинг бағрикенг халқимиз табиати билан уйғунлигида. Шунга кўра қалбимиз кечинмалари бўлмиш ҳар қандай ҳис-туйғуларимизни нафақат ҳатти-ҳаракатимиз билан, балки сўзларимиз билан ҳам ифода этиш имкониятига эгамиз. Бизга она тилимиз орқали ана шундай наъмат ато этилган.
Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини мукаммал билиши, уни улуғлаши лозим. Қачонки биз тилни ҳурмат қилсак, унинг қадрига етсак, ундан фақат манфаат оламиз, ён атрофдагиларга ҳурматимиз бўлади. Шундагина тилимизнинг, миллатимизнинг қадри ва обруйи, нуфузи ошади.
Сабоҳат Абдураҳмонова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Янгиобод туман бўлинмаси раҳбари,
вилоят Кенгаши депутати