Ижтимоий тармоқларда "Туман ҳокимлигига борсак, қабул қилишмади..." мазмунида тарқалган видеотасвир юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда “...Қурилиш фирмасида ишлаганмиз, аммо ҳақимизни тўлиғича ололмадик. Шу масалада туман ҳокимлигига борсак, қабул қилишмади. Иш ҳақимизни ундириб беришларини сўраймиз” мазмунидаги видеолавҳа тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, видеолавҳада туман маданият бўлими биносини таъмирлаш ишлари назарда тутилган. Гап шундаки, туман марказидаги таъмирталаб аҳволда бўлган маданият бўлими биносини қайтадан таъмирлаб, уни замонавий кўринишга келтириш ва аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун зарур шароитларни яратиш масаласи туман ҳокимининг доимий эътибор марказида бўлиб келган. Шунингдек, бинони таъмирлаш учун молиявий манбалари ҳал этилиши билан очиқ танлов ўтказилиб, шу асосда қурилиш фирмалари томонидан таъмирлаш ишларининг бошланиши режалаштирилган.
Шундай бўлсада, “Тўлқин Фаррух келажаги” МЧЖ томонидан ҳеч қандай шартнома ёки бошқа ёзма келишувларсиз маданият маркази биносида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Масъулларнинг саъй-ҳаракати билан маданият маркази биноси таъмирланиши учун маблағ ажратилгач, шу йилнинг 13 октябрь куни туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қўрилиш бўлими бошлиғи, туман маданият бўлими бошлиғи, туман давлат солиқ инспекцияси вакилидан иборат комиссия аъзолари, ОАВ ходими ва блогер иштирокида бинони таъмирлаш учун қурилиш корхонасини аниқлаш мақсадида очиқ танлов ўтказилди. Натижада барчанинг гувоҳлигида “Замондош файз” МЧЖ танловда ғолиб бўлди ва бинони таъмирлаш ҳуқуқи мазкур МЧЖга тоширилди. (Мазкур жараённинг видеотасвири мавжуд)
Янгиобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қўрилиш бўлими бошлиғи, туман маданият бўлими бошлиғи ҳамда Янгиобод ШФЙ раиси иштирокида бинода “Тўлқин Фаррух келажаги” МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилганда, 364 кв.м ҳажмдаги шкатурка, 364 кв.м травертен ҳамда 245 кв.м паталок ҳам сифатсиз экани аниқланган ва далолатнома расмийлаштирилган.
Танловда ютқазган “Тўлқин Фаррух келажаги” МЧЖ раҳбари ишчиларининг иш ҳақларини тўлиқ бера олмагани сабабли, ишчилар ўз иш ҳақларини ундириб беришни сўраб туман ҳокими қабулига мурожаат қилган.
Туман ҳокими ўша вақтда ўз хизмат хонасида тор доирада йиғилиш ўтказаётганли сабабли, фуқаролар билан гаплашишни капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Тўраевга юклаган. Шундан сўнг ҳоким ўринбосари фуқаролар билан учрашиб, улар айтаётган вазият тўғрисида тушунтирганда, фуқаролар фақат ҳоким билан гаплашамиз деб қулоқ солишмаган. Шундан сўнг гўёки ўзларини жабрдийда кўрсатиб, ҳоким қабулига киритишмаётгани тўғрисида рухсатсиз ҳоким эшиги тагида видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатишган.
Шу ўринда савол туғилади, тумандаги ҳар бир масалага фақатгина ҳокимнинг якка ўзи эмас, ҳоким ўринбосарлари ва мутасадди раҳбарлар ҳам жавобгар эмасми? Ахир ўринбосарлар ҳокимнинг халқ орасидаги вакилларику. Бундан кўриниб турибдики, ушбу видеолавҳада фуқаролар томонидан холис ёндашилмаган. Акс ҳолда, ҳоким билан гаплаша олмаган тақдирда ҳам уни обрўсизлантиришга уринишмаган, уларга юзланган ўринбосар ёки мутасадди раҳбарлардан бўлсада ўз мурожаатларига ижобий ечим излашга ҳаракат қилишган бўлмасмиди?
Хулоса қилиб шуни маълум қиламизки, юқоридаги ҳолатлар бўйича туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилмаган. Шу ўринда фуқароларимиздан бу каби асоссиз ва раҳбарларни обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган материалларга чалғимасликларини сўраб, туман ҳокими фуқароларнинг ҳеч бир муаммоларига бефарқ эмас эканини билдирамиз.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати