Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид

Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид

11 декабрь 2021 йил
448
0

Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий мафаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.

Коррупция ҳозирги замон ва халқаро ҳуқуқда тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири. У кеча ёки бугун пайдо бўлган мураккаб ижтимоий ҳодиса эмас.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан.

Пора олиш ва бериш Қадимги Римда амал қилган 12 жадвал қонунларида тилга олинган. Коррупция ҳақидаги энг қадимги қайдлардан бирига қадимги Бобилнинг миххатда ёзилган битикларида дуч келинган.

Қадимги юнон файласуфи Аристотел “Ҳар қандай давлат тизимида - қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керак-ки, унда мансабдор шахсларни ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим”, деган. Француз мутафаккири Шарл Монтескье эса бу борада “Асрлар тажрибасидан маълумки, ҳар қандай ҳокимият ваколатига эга бўлган шахс, уни суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у маълум бир мақсадга эришмагунча шу йўналишда юради” деган фикрни билдирган.

Биринчи президентимиз Ислом Каримов ўзининг "Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари" асарида: "Сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция - амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Унда ўз умрини яшаб бўлган, янги иқтисодий муносабатларни ўзига қарши таҳдид деб билган ҳолда, уларнинг ривожланишини секинлаштириб қўйишга ҳаракат қиладиган маъмурий-буйруқбозлик тизими билан хуфёна иқтисодиётнинг манфаатлари объектив равишда бирлашиб кетади", - деб фикр билдирган.

Кейинги пайтларда Коррупция МДҲ давлатлари қонунчилигига ҳам фаол равишда киритилмоқда. Бундай жараёнлар ортида давлат ва жамиятнинг коррупцияга қарши курашга бўлган иродаси ётади. Илгарилари бу давлатларда коррупцияга унча муҳим аҳамиятга эга бўлмаган жиноий воқелик сифатида қаралган бўлса, ҳозир у жамият томонидан қаттиқ танқид қилиниб, давлат сиёсати даражасида қораланмоқда. Чунки коррупция жамият ва мамлакат иқтисодиёти ривожига салбий таъсир этадиган иллатдир.

Коррупциянинг бошқа жиноятчилик турлари, айниқса, уюшган ва иқтисодий жиноятчилик билан алоқалари узвийлик касб этиб бориши бутун ижтимоий муносабатлар учун янада хатарлидир.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, йирик коррупциялашган гуруҳлар секин-аста давлат ҳокимияти идораларига кириб бориб, ҳокимият тизимини ҳам ўзига ишлашга мажбур этиши мумкин.

Халқаро миқёсда ҳам коррупция хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланади. Шу сабабдан ХХ асрнинг 90-йиллари бошидан халқаро ва минтақа доирасида коррупцияга қарши қаратилган қатор шартномалар қабул қилина бошланди.

Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат бу - шубҳасиз, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилган: Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонуни 2008 йил 24 июнда қабул қилинди ва 2008 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати томонидан маъқулланди ва 2008 йил 28 августдан эътиборан кучга кирди.

 Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Бу иллатга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Коррупция жамиятнинг барча жабҳаларига кириб бориб, қадриятлар тизими ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларини бузади. Фуқароларнинг эркинлик ва демократик тамойилларга, адолатга, давлатга бўлган ишончига жиддий путур етказади. Бир сўз билан айтганда, ушбу иллатни бартараф этмасдан туриб, жамиятни барқарор ривожлантириш мумкин эмас.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур иллатга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланган. Жумладан 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, мазкур қонун давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини  кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Қонунда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, манфаатлар тўқнашуви каби ибораларнинг мазмуни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Жумладан,  қонуннинг 3-моддасида, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш,  коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш, манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият эканлиги қайд этилган.

Мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари сифатида:

Қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги принциплар белгиланди.

Судлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, судъялар томонидан одоб-ахлоқ кодексига риоя этиш устидан назоратни кучайтириш бўйича малака ҳайъатлари раисларининг масъулияти оширилган. Суд аппарати ходимлари ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда суд аппарати ходимлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, судлар томонидан амалга оширилаётган тарғибот ишларида ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини,  имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф  этиш юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳудудларда содир этилган жиноятлар, ҳуқуқбузарлик ва низолар юзасидан иш юритувидаги материалларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши йўлга қўйилиб, судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари суд иштирокчиларига тўлиқ ва аниқ қилиб тушунтириб берилмоқда.

Сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар натижасида жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлиги таъминланиб, сайёр суд мажлисларида жамоатчилик иштирокида мухокама қилиш орқали аҳолининг кенг қатламига тарбиявий таъсир кўрсатилмоқда.

Кўрилаётган ишларга доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, моддий ва процессуал қонунчиликнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтирилмоқда. 

Илхом Карабаев

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар