Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Кўчмас мулк ноқонуний равишда бузилиши мумкин эмас

Кўчмас мулк ноқонуний равишда бузилиши мумкин эмас

25 январь 2022 йил
1 011
0

Жамиятнинг  иқтисодий  негизини  мулк  ташкил  этади. Шунингдек жамиятнинг  ижтимоий-иқтисодий  тузилиши  ҳам  мулк  билан,  мулкнинг кимларга  тегишли  эканлиги  билан белгиланади. Мулксиз  ижтимоий муносабатларни  ривожлантиришнинг,  мамлакатда  халқ  фаровонлигини таъминлашга  қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг иложи йўқ. Мулк  ижтимоий  ҳаѐтнинг  барча  соҳаларида  амалга  ошириладиган ҳаракат манбаидир.

Конституциямизда хусусий мулкнинг бошқа мулк шакллари каби дахлсиз эканлиги бўйича муҳим нормалар бор. Жумладан, “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”. Шу билан бирга “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир” деб белгиланган. Бунда агар хусусий мулк эгаси қонун доирасида ушбу мулкка эгалик қилаётган бўлса, уни давлат ўз ҳимоясига олишни кафолатлайди. Аммо хусусий мулкка ноқонуний тарзда эгалик қилинаётган бўлса ёки ушбу ер участкаси давлат ва жамият учун долзарб бўлган жойда жойлашган ҳолларда қонуний тартибда мулкдордан ер участкаси олиб қўйилиши мумкин. Аммо мулк ҳуқуқи тарзида берилган ерлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининнг 18-моддасида “Фуқаролар: мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари; мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари; ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари; юридик шахслар ташкил этишлари; битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари; етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари; машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Фуқаролар бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин” деб қайд этилган. Кодекс ҳам фуқароларнинг мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиши мумкинлигини назарда тутади. Ушбу кодексда бундай мазмундаги ҳуқуқларнинг назарда тутилганлиги мазкур кодекс фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни ва унда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳал қилишини ва тартибга солишини англатади.

Шунингдек, кодекснинг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир”. Бу эса фуқаронинг хусусий мулкка умрбод эгалик қилишини кафолатлайди. Яъни, юқорида таъкидланганидек, давлат ва жамият эҳтиёжлари йўлида кўчмас мулкнинг бузилиши фақатгина ерлар ёки иншоотлар фуқарога мулк ҳуқуқи асосида эмас бошқача шаклда берилгандагина амалга оширилади.

Шуни унутмаслик лозимки, кўчмас мулк ер участкалари, бинолар ва иншоотлар, кўп йиллик экинлар кўринишида бўлади. Ушбу кўчмас мулклар бўйича фуқаролар энг кўп дуч келаётган муаммолар — бу ер участкалари ва иншоотлар билан боғлиқ ҳолатлардир.

Шунингдек, ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги Низомда “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимининг кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қабул қилган қарори кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилишига асос бўлади”, деб кўрсатиб ўтилган деган қоидани нотўғри талқин қилиб юрган амалдорлар ҳам мавжуд. Улар “ҳокимнинг кўчмас мулкни бузиб ташлаш ҳақидаги қарори мулк ҳуқуқининг  бекор бўлишига олиб келади, демак биз қарор чиқарсак бас” деб ўйлаб келишган. Шунингдек, ушбу Низомнинг мазкур қоидаси ернинг мулк ҳуқуқи асосида мулкдорга тегишли бўлиши ҳолатларига татбиқ этилмаслиги билан бирга, ушбу ҳокимнинг кўчмас мулкни бузиб ташлаш бўйича қарорини чиқаришгача ҳам бир нечта босқичлар бўлганлигини унутмаслик лозим.

Ҳозирда кўчмас мулкни бузиб ташлаш учун бундай бузишнинг қандай мақсадда амалга оширилиши, бузилиши керак бўлган ҳудуднинг аниқ лойиҳаси мавжуд бўлиши, ижарачи билан келишиши (тўлиғи билан хусусий мулк бўлса мулкдорнинг розилиги мавжуд бўлиши), адлия органларининг ижобий хулосаси олиниши зарурлиги ва келишувлар нотариал тасдиқланиши керак ҳисобланади. Ушбу босқичларнинг биттаси ташлаб кетилса, ундай ҳолатда ушбу бузиш бўйича чиқарилган қарори ноқонуний ҳисобланади. Биринчи навбатда, кўчмас мулкнинг бузилиш мақсади аниқланиши керак. Яъни ушбу бузилиш амалга оширилаётган ҳудудда давлат ва жамият манфаатлари бор ёки йўқлиги ва қанчалик ушбу лойиҳа жамият учун фойдали каби хулосаларга келиниши ва шу орқали мақсад шакллантирилиши лозим. Шунингдек, ердан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланилаётган ҳолларда, ушбу кўчмас мулкнинг устида нималар (иншоот, экинлар) жойлашганлиги, уларга етказилиши мумкин бўлган зарар аниқланиши керак бўлса, ер мулк ҳуқуқи асосида (хусусий мулк шаклида) тегишли ҳолларда бўлса кўчмас мулкни бузиш учун мулкдорнинг розилиги олиниши шарт. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши мулкдорнинг розилиги билан амалга оширилиши кераклиги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида таъкидлаб ўтилган. Бу эса хусусий мулкнинг дахлсизлигини ва мулкдорнинг унга бўлган ҳуқуқларини кафолатлайди.

Кўчмас мулкни бузиш ҳақидаги қарори қабул қилинишидан олдин, албатта, адлия органларининг хулосаси олиниши шартдир. Шу билан бирга, ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Д.Х.Эсанов,

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар