Янгиободда давлат хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунларига асосан ташкилотларда ходимларни дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4891-сонли қарорида касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини эрта босқичларда аниқлаш бўйича мақсадли тиббий кўриклар ва скрининг текширувларини ўтказиш белгилаб берилган.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан, Янгиобод тумани ҳокимлигининг барча ходимлари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий кўрик жараёнларида мутахассис шифокорлар томонидан барча давлат фуқаролик хизматчилари соғлигининг барқарорлиги кўздан кечирилиб, тиббий таҳлиллар ва юзма-юз мулоқотлар асосида уларга зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.