Хусусийлаштириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 январь куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда соҳадаги ишлар аҳволи ва келгуси режалар танқидий муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқланди.
Жумладан, нефт-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино бор. Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай турибди.
Йиғилишда бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши белгиланди, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Жорий йилда соҳадаги ишларни фаоллаштириб, натижадорликни икки баробар ошириш зарурлиги таъкидланди.
Масалан, ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкин.
Шу билан бирга, хатловни давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Носоҳавий, самарасиз ва бўш турган активларни аниқлаш ҳамда очиқ савдоларга чиқаришга вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди.
Бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.
Йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилди.
– Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, Бош вазирга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
“Фарғонаазот”, “Бектемир спирт заводи”, “Қўқон биокимё”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Кварц”, “Хайят” каби йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди. 23 та акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бўш турган бинолардан фойдаланишнинг яна бир усули – ижара. Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар ва тармоқлар тасарруфидаги давлат мулклари ижараси ҳисобига жорий йилда 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида 2022 йил хусусийлаштириш дастури тасдиқланадиган бўлди.