Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » 1 мартдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

1 мартдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

01 март 2022 йил
525
0

1. Ёнида биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд ҳайдовчидан «права», техпаспорт, ишончнома ва суғурта полиси талаб этилмайди

Президент 2021 йил 30 ноябрда имзолаган [ЎРҚ-734-сон] қонунга асосан ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида қуйидаги ҳужжатларни олиб юриши талаб этилмайди:

  • транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар;
  • ишончнома;
  • суғурта полиси.

Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ЙПХ ходими томонидан электрон тизим орқали мустақил текширилади.

2. Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади

Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги қарорига мувофиқ, 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади. Ҳукумат раҳбари шунингдек, ушбу қарорни ниқоб тақмаганлик учун фуқароларни жаримага тортишни ҳуқуқий жиҳатдан тўхтатиш учун зарурлиги билан изоҳлади.

3. УЖК хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация тўловлари жорий этилади

Президентнинг 2022 йил 28 январдаги [ПФ-58-сон] фармони билан уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади.

Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади. Бунда, ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи (130 050 сўм) миқдорида тўланади.

Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (289 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланади. Бунда, қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади

Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги [ПҚ-57-сон] қарорига биноан Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади.

2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

5. Мева-сабзавотчилик кластерлари ва фермер хўжаликларига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш ҳаражатини 50 фоизи компенсация қилинади.

Президентнинг 2021 йил 15 декабрдаги [ПҚ-52-сон] қарорига кўра, мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.

6. Ёшларга 13 турдаги ёрдам маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида берилади

Президентнинг 2022 йил 19 январдаги [ПҚ-92-сон] қарорига асосан барча маҳаллаларда жорий этилган Ëшлар етакчиси тавсияси билан ўзига тегишли ҳудуддаги ёшларга 13 турдаги ёрдам, жумладан ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган ёшларга моддий ёрдам ва субсидия ажратишда кўмаклашилади. Қолаверса, ёш оилаларга имтиёзли кредит олиб бериш, нодавлат таълим курсларида ўқиш, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлашга субсидиялар ҳам берилади.

7. Яна 5 турдаги давлат хизмати my.gov.uz портали орқали онлайн кўрсатилади

Ҳукуматнинг 2021 йил 15 октябдаги [645-сон] қарори билан қуйидаги хизматлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилади:

  • Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
  • чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
  • судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
  • автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
  • жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

8. Кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади

Президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги [ПҚ-76-сон] қарорига мувофиқ, давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

  • ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;
  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;
  • йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;
  • болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;
  • аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.

9. Цемент, клинкер ва қурилиш ойналари экспортига чекловлар бекор қилинади

Президентнинг 2022 йил 21 февралдаги [ПҚ-139-сон] қарорига асосан бошлаб барча юридик шахсларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойналарини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

10. ИИВ тизимидаги «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги [28-сон] қарорига кўра, ИИВ «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади. Унинг ўрнига туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши бошланади.

Шунингдек, йўқолган ашёларни қидириш бўйича мурожаатлар ЯИДХП орқали ҳам қабул қилиниши йўлга қўйилади.

11. «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади

Президентнинг 2021 йил 5 июлдаги [ПФ-6256-сон] қарори билан суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

12. Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади

Президентнинг 2022 йил 21 февралдаги [ПҚ-138-сон] қарорига биноан ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтирилади:

  • аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиларига (кейинги ўринларда — ҳоким ёрдамчилари) ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.

Бунда мазкур сўровлар 5 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, қурилиши бошланган бино ва иншоотларга рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот тақдим этилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сўровлар асосида олинган маълумотларни ўз биносида барча фуқаролар учун кўринарли бўлган жойда жойлаштиради ҳамда аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича маълумотларни бир кунлик муддатда ер соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга тақдим этади.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар