Олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли, замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг усталари бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда олийгоҳларимизда 510 минг нафар талаба кундузги таълим шаклида ўқимоқда (жами 820 минг нафар). Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ, талабалар билан суҳбат ва сўровномалар ўтказилди. Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи борлигини билдирган. Айниқса, улар орасида 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар турли “дафтарлар”га киритилган талабалар бор.
– Олийгоҳ катта оила. Бу оилани раҳбари - ректор. Ота-оналар энг катта бойлигини, фарзандини сизларга топширган. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан шахсан учрашиши шарт. Бу борада ҳақиқий ҳолатни билиб, талабаларнинг оилавий аҳволи, шароити, қандай ўқияпти, муаммолари ва таклифлари, хуллас, ҳаммаси ҳақида ҳар ойда ҳисобот беради ва бу масалага шахсан масъул бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилганидек, бугунги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингтадан, саноатда – 17 минг, соғлиқни сақлашда – 9 минг, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингтадан, молия соҳасида – 3 минг, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 минг иш ўрни бор.
– Мутасаддилар ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиши маълум қилинди. Шунингдек, вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудларда ҳам шундай комиссиялар ташкил этилади.
Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга вакант ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курслар талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.
Давлатимиз раҳбари олийгоҳлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш мумкинлигини таъкидлади.
Ректорлар олийгоҳларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатиб, 5 минг нафар талабага қўшимча даромад олиш имкониятини яратиши шартлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга ҳар бир олийгоҳда бир ой муддатда бандлик марказлари, шунингдек, ўн кун муддатда бу ердаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиб, камида 10 тадан пуллик курслар, маиший ва бошқа хизматларни ташкил этиш вазифаси топширилди. Бу орқали 5 минг нафар талаба даромад келтирадиган иш билан банд бўлади.
Ушбу ишларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилади. Жумладан, олийгоҳлар ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этган талабалар даромад солиғидан озод қилинади. Умуман, талабаларнинг олийгоҳлар ҳудудидаги лойиҳалари учун 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилиши кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, ректорлар бир ой муддатда ўз ҳудудида талабалар бўш вақтида ишлаб, даромад топиши учун биттадан коворкинг марказини ташкил этишни бошлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Яна бир масала – олий ўқув юртларидаги бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи лавозимлари бўйича мавжуд вакант жойларда 3 мингдан зиёд талаба бандлигини таъминлаш мумкин.
Тошкент тиббиёт академиясида 70 нафар талаба иш юритувчи, кафедра лаборанти, кутубхоначи, омборчи каби лавозимларда ишламоқда. Лекин ҳозир олийгоҳлардаги кўп лавозимларга олий маълумот бўлиши талаб этилади. Шу боис истисно тариқасида ректорларга ўз тизимидаги лавозимларга талабани билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишга жойлаштиришга рухсат этилиши белгиланди.
Бундан ташқари, барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабалар учун ишлашга рухсат бериладиган бўлди.
Масалан, олийгоҳлар атрофидаги шаҳар мактаблари ва боғчаларида 13 минг вакант иш ўрни мавжуд. Мутасаддиларга бир ой муддатда камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
Марказий банк тажрибаси асосида талабаларнинг ҳақ тўланадиган стажировкаларини ташкил этиш ва уларнинг якунида энг яхши стажерларга иш таклиф этиш тизими иқтисодиёт, молия, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари ҳам жорий этилиши белгиланди.
Ушбу янги тизим орқали, ҳар йили 3 минг нафар талабанинг бандлиги таъминланади.
Йиғилишда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга 2022 йилда камида 3 минг нафар талабани жалб қилиш лозимлиги айтилди. Шу мақсадда олийгоҳлардаги илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизини талабалар ҳисобидан шакллантириш вазифаси белгиланди.
Давлатимиз раҳбари вилоят ва шаҳар ҳокимлари ректорлар билан биргаликда олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиб, 30 минг нафар талабани иш билан банд қилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда вилоят ҳокимлари иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиши белгиланди.
Вилоят ҳокимлари икки ой муддатда олийгоҳлар билан йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиб, йил якунига қадар 10 минг нафар талабанинг бандлигини таъминлаши белгиланди.
Йиғилишда 2021 йилда талабалар ётоқхонаси бўйича тизим яратилгани таъкидланди. Лекин, барча ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бир ой ичида бу борада ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олиниши маълум қилинди.
Қайси олийгоҳ ректори ётоқхона қурилишининг 50 фоизини ўзи раҳбарлик қилаётган ОТМ маблағи ҳисобидан амалга ошириш ташаббусини билдирса, қолган 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши белгиланди.
– Яна бир долзарб масала. Бугунги кунда Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқдалар ва шундан 200 га яқини ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин бир ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўряпмиз, - деди Президентимиз.
Тегишли комиссия ташкил этилиб, бир ҳафта муддатда Украинадан қайтган талабаларнинг мамлакатимиз олийгоҳларида ўқишини давом эттириши учун барча шароит яратиб бериши кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган вазифалар ижроси бўйича қилинадиган ишлар юзасидан ахборот берди.