"Маданият ва санъат ходимлари куни" муносабати билан байрам тадбири ўтказилди
Жамият ва миллат ривожида маданият ва санъатнинг ўрни беқиёс. Бугун биз Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини яратар эканмиз, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришимиз, санъат соҳасини юксалтиришимиз бу борада алоҳида аҳамиятга эга.
Албатта, мамлакатимизда барча тармоқлар қатори маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармонига асосан 15 апрель «Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни» этиб белгиланиши - юртимизда соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор ҳамда уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти қанчалик юқори эканидан далолатдир.
Барчамизга маълумки, халқимизнинг байрамлари, тўйу-томошалари кўп. Албатта, бу каби қувончли кунларимиз маданият ва санъат соҳаси вакилларисиз ўтмайди. Улар ҳамиша халқимизнинг яхши кунларида бирга бўлишиб, қалбларга илиқлик ва кўтаринкилик улашадилар.
Маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида сўз борар экан, шу ўринда туманимиз маданият бўлими ижодкорларини ҳам тилга олиш ўринли. Улар маҳалла ва қишлоқларимизда бўлиб ўтаётган тадбир ва байрам тантаналарида ўз истеъдодларини намойиш этишиб, халқимизга хуш кайфият улашишдан чарчашмаяпти.
Бугун ҳам «Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни» муносабати билан Янгиобод туман 19-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Азизбек Нишонов очиб берар экан, барчани байрам билан самимий табриклади ва келгуси ижод ва ишларида юксак омадлар тилади.
Концерт дастури давомида туман маданият бўлими санъаткорлари ва ёш ижодкорлари томонидан жонли куй-қўшиқлар ва бетакрор саҳна чиқишлари намойиш этилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати