Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Дастлабки эшитув институти

Дастлабки эшитув институти

28 апрель 2022 йил
731
0

У қандай процессуал жараён ва мақсади нималардан иборат?

Жиноят-процессуал қонунчиликнинг устувор вазифаларидан бири жиноятларни тез, сифатли ва тўлиқ очишдир. Шу билан бир қаторда бу вазифалар, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо тайинлаш ҳамда айби бўлмаган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қилинишининг олдини олиш, айбдорни фош этиш ва бу борадаги қонунларни тўғри тадбиқ этилишидан иборат.
Жиноят ишларини юритишнинг жиноят процессуал қонунларни белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятларнинг олдини олиш, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилиши лозим.
Хорижий давлатлар амалиётида шахс, давлат ва жамият манфаатларини самарали ҳимоя қилишга ёрдам берадиган дастлабки эшитув институтининг бош мақсади қонунийликни мустаҳкамлаш, айби бўлмаган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қилинишининг олдини олишдан иборатдир.
Шу билан бирга, ушбу институт суриштирув ва тергов органлари фаолияти устидан назоратини амалга оширади. Ушбу жараёнда иш юзасидан далиллар мажмуаси етарли ва мақбул эканлиги ўрганилади.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ, судья эндиликда жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал қилиши лозим бўлади.
Дастлабки этишув тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан ўтказилади. Миллий қонунчилигимизда биноан дастлабки эшитув:
-жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш;
-иш юритишни тугатиш;
-жиноят ишини прокурорга юбориш;
-жиноят ишини бирлаштириш;
-номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш учун асослар бўлган тақдирда ўтказилиши кўзда тутилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмасдан бошланиши керак. Унинг давомийлиги бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги лозим.
Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади. Суд мажлисида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.
Жаҳон амалиётида кенг қўлланиб келаётган дастлабки эшитувнинг самарали томонини кўрсатиб берувчи ҳолатлардан бири айнан ушбу жараёнда мавжуд бўлган номақбул далилларнинг чиқарилиши ва келгусида улардан айблов учун асос сифатида фойдаланмаслик саналади.
Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаган ва қонун нормаларини бузган ҳолда олингани исботланса, ушбу далил ўзининг юридик кучини йўқотади. Бундай далил ҳукм ёки бошқа суд қарорига асос бўлиши мумкин эмас.
Қонунчиликка мувофиқ, айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айбловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар улар номақбул далиллар деб ҳисобланса, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақлидир. Ушбу ҳолат дастлабки эшитувда иштирок этувчи айбланувчи ва унинг ҳимоячисига катта процессуал имконият яратади.
Бошқача айтганда, дастлабки эшитув ҳимоя тарафига ўзининг иштирокида жиноят ишини асосий суд мажлисига киришга монелик қилувчи ҳолатларни аниқлашга ҳамда айблаш учун етарли далиллар бўлмаган шахслар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса, судда том маънода ошкоралик ва тарафлар тортишувини юзага келтиради.
Айнан дастлабки эшитув тарафлар тортишувини жонлантириб, айблов органи жиноят ишини судда кўриш учун жиддий тайёрланишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, "ишдаги камчиликларни суд ўзи тўғрилаб олади" қабилидаги эскича қолиплардан воз кечилишига олиб келади.
Дастлабки эшитув амалиётидан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув борасида қабул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқуқи мавжуд эмас. Бинобарин, шикоят қилиш ҳуқуқи шахснинг конституциявий ҳуқуқларидан биридир.

Шу маънода, миллий қонунчилигимизда дастлабки эшитув институти амалиётига жорий этилиши билан бирга, фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир. Зеро, эндиликда дастлабки эшитув натижасида қабул қилинган ажримдан норози бўлган тарафлар ажрим устидан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят қилишлари мумкин.


Илхом КАРАБАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар