Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди

Тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди

05 май 2022 йил
534
0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу соҳалар инсон соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи муҳим бўғиндир. Сўнгги беш йилда бу йўналишларнинг моддий таъминоти ва кадрлар салоҳиятини яхшилаш бўйича кўп ишлар қилинди.

Жумладан, 2 минг 224 та янги тез ёрдам машиналари харид қилинди, замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага етказилди. Тез ёрдам станциялари ва бригадалари сони ҳам кўпайтирилди. Шунингдек, битта чақириқ учун дори-дармонга ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.

Шошилинч ёрдам соҳасида ҳам қуйи бўғинга катта эътибор қаратилди. Ҳудудларда 21 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди. Натижада туман ва шаҳар аҳолисини вилоят марказларига мурожаатларини камайтирди.

Масалан, илгари “Қамчиқ” довонида автоҳалокатда оғир тан жароҳати олган беморлар 100 километр масофа босиб, Тошкент ва Наманган шаҳридаги шошилинч марказларга олиб борилган. Энди Ангрен шаҳри ва Поп туманида очилган марказлар одамлар жонига ора кирмоқда.

Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам бор. Улар ҳақида 18 март куни давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида айтилган эди. 

Мисол учун, ўтган йили тез тиббий ёрдам бригадасининг кечикиб келиши бўйича 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.

Бунинг сабабларидан бири соҳада ягона бошқарув йўлга қўйилмаганидир. Жумладан, тез тиббий ёрдам ходимини ишга тайинлаш, дори-дармон таъминоти, транспорт, ёқилғи ва ҳайдовчилар масаласи вилоятдаги турли бошқармалар ваколатида. Бошқарувдаги бундай чалкашликлар эвазига тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланган. Тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса-да, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмайди.

Тез тиббий ёрдам машиналарининг кўпида навигация жиҳозлари йўқлиги, 10 мингта кўчага ҳалигача ном ва 500 мингга яқин уйларга рақам қўйилмагани сабабли манзилни топишга кўп вақт кетмоқда.

Тизимдаги энг катта муаммо – шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилади.

Шу боис тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Йиғилишда ушбу дастурдаги асосий янгиликлар, уни амалга ошириш борасидаги вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади. Бунинг натижасида энди тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, балки Тошкент шаҳри тажрибаси асосида, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади.

Туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона колл-марказ тузилади. Колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради. Шунингдек, вилоят колл-марказларига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланиши мумкин бўлади.

Бу тажриба дастлаб Сирдарё вилоятида Тиббий суғурта жамғармаси орқали ташкил этилади ва босқичма-босқич барча ҳудудларга кенг жорий этилади.

2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилиши, натижада чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқариши қайд этилди.

Бугунги кунда 2 минг 695 та тез тиббий ёрдам бригадаси бўлиб, 500 дан ортиғида врач етишмайди, шунингдек, 6 мингдан ортиқ шифокор ўриндошлик асосида ишлайди.

Халқаро тажрибага кўра, барча чақирувларда ҳам врачлар бўлиши шарт эмас. Шунинг учун энди чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига қараб, саралаш тизими жорий этилади.

Яна бир масала: бизда тез тиббий ёрдам бригадалари врач, фельдшер ва ҳайдовчидан ташкил топган. Хорижий тажрибада тез ёрдам фельдшери бир вақтнинг ўзида ҳайдовчи ҳисобланади.

Шу боис янги ўқув йилидан фельдшерликка ўқиётган ёшлар ҳайдовчиликка ҳам ўргатилиши белгиланди. Бунинг учун тиббиёт коллежларига ҳайдовчилик мактаблари бириктирилади.

Кўрсатилган хизматни беморлар томонидан баҳолаш орқали тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бунда, ҳар чорак якунида фаолияти беморлар томонидан яхши баҳоланган бригадалар ходимлари ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофотланади.

Юртимизда ҳар минг кишига нисбатан чақирувлар сони 352 тани ташкил этади. Бу ривожланган давлатлардагига қараганда 6-7 баравар кўп. Чунки қишлоқ ва маҳаллаларда оддий тиббий хизмат йўлга қўйилмагани учун аҳоли тез ёрдамга мурожаат қилмоқда.

Шунинг учун маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Тез тиббий ёрдам тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бунинг учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази тизимига ўтказилиб, Ходимлар малакасини ошириш мактаби сифатида қайта ташкил этилади. Туркия, Корея, Франция каби тез ёрдам тизими илғор бўлган мамлакатлардан мутахассислар жалб қилинади.

Туманлар даражасида шошилинч тиббий хизмат қамровини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун, энг аввало барча туман ва шаҳар шифохоналаридаги терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида бир-бирини такрорлайдиган режали ва шошилинч бўлимлар бирлаштирилади. Уларда туну кун ишлайдиган шошилинч ёрдам қабулхоналари ташкил этилади.

– Бу вазифаларни жой-жойига қўйсак, тиббиёт соҳасини халққа янада яқин қилган, инсон қадрини улуғлаш учун яна бир қадам ташлаган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматларини ривожлантириш бўйича ўзларининг ҳудудий дастурларини қабул қилиб, ижросини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар