Янгиобод туманида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилда қанча кўчат экилгани маълум қилинди
Сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Дарахтлар ва буталар кесилишига мораторий жорий қилиниши, дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсациялар миқдорининг оширилиши шулар жумласидандир.
Давлатимиз рахбари томонидан дарахтзорларни кўпайтириш мақсадида татбиқ этилган “Яшил макон” умуммиллий лойихаси доирасида туманда бир қатор ишлар амалга оширилган.
Лойиха доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида туман ҳудудида 634 минг дона (106%) манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилган.
2022 куз мавсумида туман бўйича жами 447 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 440 минг дона (98,5 %) кўчатлар экилган.
Туман ҳокимининг 2022 йил 18 январдаги 13-3-54-Q/22-сонли қарори билан туман ҳудудида 2022-2024 йилларда “Яшил боғлар” барпо этиш мақсадида дастур тасдиқланган. Ушбу дастурга асосан “Яшил боғлар” барпо этиш учун 2 гектар ер майдони ажратилган.
2022-2026 йилларда туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги кўкаламзорлаштириш ҳудудларига суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш учун 1 млрд 114 млн сўм маблағлар ажратилиши ҳамда 825 млн сўм маблағ эвазига 1 та махсус хазон йиғиш техникаси ажратилиши режалаштирилган.