Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Электромобил тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

Электромобил тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

25 ноябрь 2022 йил
160
0

Аввал хабар қилинганидек, шу йил 10 октябрь куни давлатимиз раҳбари электромобил тармоғини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишган эди. Унда берилган топшириқлар асосида, юртимизда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қувватлаш станцияларини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланди.

Президент ҳузурида ўтказилган навбатдаги йиғилишда ушбу таклифлар муҳокама қилинди.

Мутасаддилар тармоқда ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. Жумладан, республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари аввалги тақдимотда аҳоли ўртасида электромобиллар оммалашиши учун унинг харидини рағбатлантириш зарурлигини айтган эди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда.  2023-2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади. 

Маълумки, электромобил ишлаб чиқариш учун керакли хомашёлардан бири мис. Юртимизда мис кластерлари ташкил этилмоқда. Бундан фойдаланиб, ушбу кластерларда электромобиллар ва қувватлаш станциялари учун бутловчи қисмлар тайёрланади.

Кадрлар масаласи ҳам жуда муҳим. Шу боис Турин политехника университети ҳузурида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни ривожланган давлатларга малака оширишга юбориш режалаштирилган.

Йиғилишда мутасаддилар ушбу чора-тадбирлар натижасида республикамизда йилига 15-25 мингта электромобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини қайд этишди.

Давлатимиз раҳбари бу йўналиш автомобилсозликда рақобат яратиши кераклигини таъкидлади. Берилаётган имкониятларни соҳага қизиқиш билдирган ишбилармонлар билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр ва таклифлари асосида имтиёзларни янада кенгайтириш, тармоққа тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар