Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш вазифалари белгиланди

Пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш вазифалари белгиланди

08 февраль 2023 йил
339
0

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда шаҳар ва туманлар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Аввало, энергетика масалаларига эътибор қаратилди. Бу борадаги қўшимча манбалардан бири қайта тикланувчи энергия. Тошкент шаҳрида камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги қайд этилди.

Хусусан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар ва бошқа биноларнинг том қисми, саноат зоналари, автотураргоҳ ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин. Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик қўшимча талабни 4 баравар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Президентимиз электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади.

Шу боис, саноат зоналари ва йирик корхоналарда 400 миллион киловатт соатлик қуёш панеллари ўрнатиш, Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш чоралари белгиланди. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш, саноат корхоналарида электр йўқотишларини камайтириш, магистрал иссиқлик тармоқлари ва 1 минг 817 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади.

Йиғилишда 2023 йилда пойтахтда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам  муҳокама қилинди.

Янги иш ўринларини яратиш бўйича улкан марраларга эришишда тадбиркорларга таяниш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, бу йили Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм кредит йўналтирилади, оилавий тадбиркорлик учун 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шаҳар маҳаллаларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш учун 1,4 триллион сўм, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида 573 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Президент маҳаллаларни обод қилиш, йўллар ва сув иншоотларини таъмирлаш масалаларига ҳам тўхталди. Шунинг учун шаҳардаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан қўшимча 1 миллиард сўмдан, жами яна 584 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.

Йиғилишда жамоат транспорти соҳасига яна бир бор эътибор қаратилди. Йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча мингта автобус олиб келиниб, 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши, светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш, автотураргоҳлар ва паркоматлар ташкил қилиниши айтилди.

Давлатимиз раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди. Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинади.

2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда боғ ташкил қилиниб, “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиши айтилди.

Пойтахтда чиқинди билан ишлаш ҳам қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. “Махсустранс” фаолиятини ислоҳ қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида хизматларни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш режалари тақдимоти ўтказилди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар