Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ушбу улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда уни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида:
1. Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь – чоршанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, юртимизда 2023 йил 28 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
2. Аҳолининг Қурбон ҳайити байрамини муносиб савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Маданият ва туризм вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.
19.06.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев