ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК! ЯНГИОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТУМАН АҲЛИГА МУРОЖААТИ
Қадрли юртдошлар!
Ер сайёраси инсониятнинг ягона уйи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади.
Лекин ХХ асрда табиатга нотўғри ёндашув, зарарли чиқиндиларнинг кўпайиши, сув ва ердан кўр-кўрона фойдаланиш туфайли инсоният келажаги учун жиддий экологик хавф пайдо бўлди.
Энг асосийси ер куррасини доимий кислород билан таъминлаб турувчи ўрмонлар ҳудуди қисқариб бораётгани ҳавода заҳарли моддаларнинг кўпайишига, турли хасталикларнинг келиб чиқишига, иқлимнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти тарқатган маълумотларда келтирилишича, сайёрамизда ўрмон ҳудудлари ўнглаб бўлмас даражада камайиб бормоқда. Олимлар олиб борган тадқиқотларда сайёрамизда 1990 йилдан бошлаб 178 миллион гектар ўрмонлар йўқ бўлиб кетган, унчалик баланд бўлмаган ўсимликлар билан қопланган ер майдонлари 1,4 фоизга камайганлиги аниқланган.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Бу ташаббусларнинг амалий ижроси сифатида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири бўлиб, лойиҳа доирасида кейинги беш йилликда республикамизда бир миллиард туп кўчат экилади. Келажакда ушбу кўчатларнинг 80 фоизи, яъни, 800 миллиони ўсиб-ривожланса, аҳоли жон бошига 20 тупдан зиёд дарахт тўғри келади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўпмиллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олийжаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Аждодларимиз азал-азалдан уста боғбон бўлганлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз. Буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур қаерга қадами етса, боғ яратган, шаҳар ва қишлоқларни обод қилган. Шунинг учун ҳам “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат ҳанузгача ўзининг маъно-мазмунини йўқотмай келмоқда.
Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.
Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, маҳалла ва қишлоқларимизнинг обод бўлишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Ҳурматли маҳалла фаоллари!
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида ҳар йили қарийб 1 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экишни мақсад қилганмиз. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида маҳалла ва қишлоқларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 10 фоиздан 40 фоизга ошади. Йўл, сой ва ариқлар ёқаларида яшил ҳудудлар пайдо бўлади. Мақсад табиатда яшилликни кўпайтириш, об-ҳавонинг тозалиги, иқлим мўътадиллигини сақлаш, боғдорчилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлашдир.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида туманда640 минг дона дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилган эди.
Мавсум давомида халқимизнинг саъй-ҳаракати билан 640 минг (103,8 фоиз) кўчатлар экилди. Шундан, ижтимоий соҳа объектларида 50 минг, автомобиль йўллари ёқасида 10 минг, ободонлаштириш объектларида 100 минг хизмат кўрсатиш объектларида 80 минг, фермер хўжаликлари экин майдонлари четларида 240 минг маҳаллалар ҳудудларида 50 минг туп кўчатлар экилди.
Айни пайтда, ҳали маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар бор. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳли бир жон, бир тан бўлиб, Президентимиз бошлаб берган ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган “Яшил макон” умумиллий лойиҳани амалга оширишдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз зарур.
Кўчатни экиш биринчи галдаги вазифа бўлса, уни парваришлаш, вақтида сув бериш, пайҳон бўлишдан асраш маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчига айланмоғи лозим. Бунинг учун маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори ва ёшлар етакчиси билан биргаликда экилган ҳар бир ниҳолнинг ҳисобини олиб, уларга кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириши зарур.
Муҳтарам нуронийлар!
Туманимизда бошланган ҳар қандай ҳайрли иш Сизларнинг дуоларингиз билан бошланади. Зеро, Сизнинг ҳаётий тажрибангиз, яхши ният ва тилакларингиз халқимиз кучига куч қўшади. Сизлар маҳаллаларда ёшларга бош бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда фаоллик ва ташаббус кўрсатасиз, деб ишонамиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Вилоятдаги маҳалларларда Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, маҳаллаларда минглаб янги дарахтлар пайдо бўлади. Ёнингизга 10 нафар ёшни жалб қилсангиз, дарахтлар сони 10 баробарга ошади.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ердан самарали фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизлар учун кундалик ишдир, бу борада етарли тажриба орттиргансиз. Фермер хўжалиги ерларига баҳор мавсумида экилган 300 минг тупдан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа ниҳолларни кўнгилдагидай парваришламоқдасиз. Бу савобли ишларни давом эттириш учун кузги мавсумда ҳам ҳиммат камарини боғлаб, бошқаларга ўрнак бўладиган, уста деҳқон деган номни оқлайдиган палла келди.
1 декабрга қадар хўжалик ерларининг бўш турган жойлари ва дала четларига яна 240 минг туп кўчат экиб, парваришини бошлаб юборсангиз далангизнинг ҳар қаричи боғ-роғга айланади, қўшимча даромад қилиш имконияти яратилади.
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!
Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз юртимиз учун муҳимдир. Аввало ўз хонадонингиз, қолаверса, ўзингиз меҳнат қилаётган олий ўқув юрти, мактаб ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасанинг гўзал, яшилликка бурканган масканга айланиши сизнинг қанчалик ўқимишли, маданиятли, жамиятнинг илғор инсонлари эканлигингиздан далолат беради.
Шунинг учун жорий йилнинг куз ойларида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига 4 минг туп, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳовлиларига 4.7 минг туп дарахт кўчатлари экиш белгиланган.
Сизнинг ташаббускорлигингиз юртдошларимизда ҳавас ҳамда ватанпарварлик туйғуларини уйғотади. Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзал! Эрта баҳорда ҳовлингизнинг бир бурчагига анвойи гуллар экиб, парвариш қиласиз, хонадонингизга гўзаллик бағишлайсиз. Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига уйғун ва ҳамоҳангдир.
Ўғил-қизларингизга бу тушунчаларни сингдириб, уларни ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячилари бўлишга даъват этинг! Болажонларга ҳар бир сўзни ҳижжалаб ўргатганингиз каби, ниҳол экишни, уларга павариш қилиш кўникмаларини сингдиринг.
Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг, “Бувижонлар мактаби”нинг ҳам муносиб ўрни бор. Жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшишингизга ишонамиз.
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорларисиз! Халқимиз бугунги ёш авлоднинг ақл-заковати, ғайрат-шижоати, она Ватанга бўлган садоқатининг нақадар беқиёс эканлигини яхши билади ва Ватанимизнинг ёрқин келажагини фақат ёшлар билан тасаввур этади.
Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!
Сиз, Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилишини асло унутманг.
Азиз юртдошлар!
Дарахт экиш ва уни парваришлашни шунчаки мажбурият эмас, Ватан олдидаги бурч, аждодларимиздан мерос қолган қадрият сифатида қабул қилайлик!
Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги масъулиятимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик! Бугун амалга оширган эзгу ишларимиздан авлодларимиз рози бўлсин, уларга биздан обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!
Иброҳим Қаршибоев,
Янгиобод тумани ҳокими