Ўзбекистон Президенти Германия бизнеси етакчилари билан учрашувда иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни Берлин шаҳрида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган Иқтисодий форум ишида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Германия томонидан алоҳида топшириқлар бўйича федерал вазир, Федерал Канцлер девони раҳбари Вольфганг Шмидт, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги давлат котиби Удо Филипп, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Катрина Клаас-Мюльхойзер иштирок этди.
Бундан ташқари, форум ишида “CLAAS”, “Siemens Energy”, “Knauf”, “Linde”, “Papenburg”, “BayWa”, “WILO”, “IPEX-Bank”, “Commerzbank”, “AKA”, “Mangold Consulting”, “Deutsche Bahn”, “DB E.C.O.”, “Euler Hermes”, “Ernst Klett”, “SMS Group”, “Deutsche Bank”, “Evonik Industries”, “John Deere”, “BASF”, “Airbus” каби Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон етакчиси бугунги тадбир Германия бизнесида Марказий Осиё мамлакатлари бозоридаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат эканини катта мамнуният билан қайд этди.
Инвестициявий, инновациявий ва технологик ҳамкорлик масалалари, юқори технологик тармоқларда, шунингдек, “яшил” энергетика, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, логистика ва транспорт, кадрлар тайёрлаш бўйича кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўрсатиб ўтилди.
– Биз сизлар билан биргаликда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларини модернизация қилиш бўйича катта иш олиб бормоқдамиз, самарали қўшилган қиймат занжирлари ва минглаб янги иш ўринларини яратмоқдамиз. Биз очиқ мулоқот учун янги майдонлар ва доимий платформалар пайдо бўлишидан манфаатдормиз, – деди Президентимиз.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳа ва корхоналар сони икки баробар кўпайди.
– Барчангиз кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини ривожлантириш учун ҳақиқатда катта ҳисса қўшяпсиз, лойиҳаларингиз эса узоқ муддатли муваффақиятли ҳамкорликка мисол бўла олади. Мен буни жуда қадрлайман, - деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимиз етакчиси Германия компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор жиҳатларига тўхталиб, қатор истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди.
Бу, энг аввало, кооперацияни ривожлантириш ҳамда Германия компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдир. Давлатимиз раҳбари харидоргир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз Ўзбекистонда Германия етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори саноат технологиялари бўйича Марказий Осиё кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.
Шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири – “яшил” энергетика. Ўзбекистон раҳбари муқобил энергетикани ривожлантириш борасида германиялик ҳамкорлар билан муваффақиятли тажриба ва истиқболли кооперация лойиҳалари борлигини таъкидлади.
Минтақа даражасида “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш учун Германия муҳандислик-лойиҳалаштириш марказлари ва саноат холдинглари билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.
Президентимиз энг муҳим хомашё ресурслари соҳасида уларни қайта ишлашга илғор технологик ечимларни жалб қилиш ва саноат маҳсулотларининг экспортини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳимлигини қайд этди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Марказий Осиё ички эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаш ва Европа мамлакатларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур салоҳиятга эга, - деди давлатимиз раҳбари.
Шу маънода, юртимиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига Германия компанияларининг энергия самарадор ва рақамли технологияларини жалб қилишга тайёр экани таъкидланди.
Озиқ-овқат соҳасида қўшма минтақавий тадбирлар ўтказиш таклиф қилинди.
Президентимиз транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталди. Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Транспорт лойиҳаларини экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун Германиянинг етакчи ташкилот ва компаниялари мутахассисларини жалб қилиш таклифи билдирилди.
Малакали мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилди.
Якунда давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ишбилармонлик ташаббуслари ва қўшма инвестиция лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаб, Марказий Осиё Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси эканини таъкидлади.