Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Маҳалла тизимини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Маҳалла тизимини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

26 сентябрь 2023 йил
110
0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилди. 

Лекин уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар бор. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтирилаяпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. Уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетаяпти.

Йиғилишда шу каби камчиликлар таҳлил қилиниб, тизимни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича янги ёндашувлар белгиланди.

Унга кўра, энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади.

Эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади. 

Маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш йўлга қўйилади. Амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади. 

“Маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади. Жумладан, улар ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимни рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўллаш бўйича тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, мутасаддиларга “маҳалла еттилиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаш ва фаолиятини тўғри йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ижтимоий лойиҳаларга илмий ва нодавлат ташкилотларни ҳам жалб қилиш муҳимлиги айтилди. 

Йиғилишда маҳалла тизимини такомиллаштиришнинг ташкилий чоралари ҳам белгиланди. Хусусан, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилади. Республика кенгашига – Бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгашлар “маҳалла еттилиги” қўйган масалаларга ечим топади, молиявий манбаларини ҳал қилиб беради.

Масъулларга муҳокамада билдирилган барча таклифларни инобатга олган ҳолда, соҳанинг ташкилий тузилмаси, ваколатлари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди.

– Биз фаолиятимизнинг биринчи кунларидан ҳамма ишни маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилиб келаяпмиз. Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантирдик. Энди яна қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар – давлатимизнинг энг катта замини, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш сўнгида вазирлар ва ҳокимлар, жойлардан маҳалла раислари ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва янги топшириқлардан келиб чиқиб келгусидаги иш режалари бўйича ахборот берди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар