Янгиобод туман ҳокими И.С.Матиевнинг ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан туман халқига йўллаган байрам табриги
Ассалому алайкум азиз дўстлар, муҳтарам меҳмонлар!
Аввало, Сизларни барчамиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган қутлуғ байрам - Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан самимий табриклаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдириб қоламан!
Барчамизга яхши маълумки, истиқлолга эришган шукуҳли кундан эътиборан жонажон Ватанимизнинг кўп йиллик тарихида янги давр – эркинлик ва озодлик, миллий тикланиш ва тараққиёт даври бошланди.
Айни кунларда Мустақиллик деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қиммати, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти халқимиз учун янада теранроқ маъно англата бошлади. Чунки бугунги кунда амалга ошаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун, қарор, ҳуқуқий ҳужжатларнинг бари юрт фаровонлиги, халқ манфаатига хизмат қилиш мақсадида эканини вақт исботлади. Айнан ана шу истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни руёбга чиқариш имконига эга бўлдик.
Эндиликда, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида мамлакатлар орасида ўзининг инсонпарвар, тинчликпарвар сиёсати билан дунёда муҳим ўрин эгаллаганлигини дунё жамоатчилиги тан олиб турибди.
Энг катта ютуғимиз юртдошларимиз дунёқараши ўзгарди, уларнинг онгу тафаккури юксалиб, сиёсий фаоллиги ошди. Шу боис ҳам, эндиликда халқимиз қабул қилинаётган қонунларга бефарқ эмас, ўтган йигирма саккиз йиллик давр миллатнинг, жамиятнинг, бутун бир мамлакатнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган давр бўлди. Шунинг учун ҳам бу кунни муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишонлаймиз. Бу йилги улуғ айём “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда. Бу сўзларда халқимизнинг озод ва обод Ватанига садоқат изҳори бор. Зеро, мустақиллик эркин ва фаравон яшашни, бошқалардан кам бўлмаслик туйғусини дилимизга жо қилди.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни тиклаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ютуқларни қўлга киритаётганимизга ҳаммангиз гувоҳ бўлиб турибсиз.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ислоҳотларнинг халқимиз учун бўлиши, халқ бой бўлса, давлат бой бўлади деган ғоянинг устуворлиги, одамлар орасига кириб бориш, улар билан дилдан яқин бўлиш натижалари оз фурсатларда ўзининг бор салоҳиятини кўрсатди. Юртимиз қиёфаси ўзгарди. Одамларнинг яшаш тарзи, ўй-фикри ўзгарди, келажакка ишончи, ватанга бўлган муҳаббати ортди.
Дарҳақиқат, юртбошимиз раҳбарлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Изчил ислоҳотларнинг, босқичма-босқич тараққиёт йўлининг тўғри ва ҳаётий эканини юртимизнинг бугунги қиёфаси, одамларнинг муносиб турмуш тарзида ҳам яққол кўриш мумкин. Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага эмас, шу бугун ниятига етишини, ҳаётидан, ҳар бир кунидан мамнун бўлиб яшашини истайди. Одамларни рози қилиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олмоқда. Чунки йиллар давомида қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бор эдики, уларни ҳал этиш долзарблигича қолаётган эди. Шундай шароитда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Обод қишлоқ” ва “Илғор ҳудуд” дастурлари ишлаб чиқилгани айни муддао бўлди. Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар салмоғини туманимиз миқёсида оладиган бўлсак, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик объектлари, маъмурий бинолар, якка тартибда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жой бинолари, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида ва янги иннавацион лойиҳалар асосида амалга оширилаётган ишлар истиқлол берган имкониятлардир.
Мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда шиддатли, жўшқин ҳамда жадал ислоҳотлар даврига кирди. Муҳтарам Президентимиз 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташриф буюриб, ҳар бир туман марказини намунали туман марказига айлантириш таклифини берди. Бу таклиф асосида туманни замонавий архитектура лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа асосида туманимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина мисол, яқин икки-уч йил муқаддам, ҳатто ўтган йили Янгиободга ташриф буюрган меҳмонлар бугунги ўзгариш кўламидан, қад ростлаётган замонавий турар жой бинолари, маданий маиший ва инфратузилма объектларини кўриб ҳайратланиши табиий. Янгиланаётган, замонавий ва кўркам қиёфа касб этаётган Янгиободимизнинг республикамизнинг файзли масканларидан бирига айланиб бораётгани қўлга киритаётган ютуқларимизнинг яққол исботидир. Бу билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.
Йиллар давомида фақатгина лалмикор деҳқончилик ва асосан чорвачилик билан машғул бўлган аграр тармоғимизга бугун замонавий ва тежамкор технологиялар, хорижий инвестициялар, саноат ва ишлаб чиқариш кириб келиши натижасида иқтисодиётимиз ривожланиш йўлига кирди. Маҳаллий иқлим шароитимизга мос интенсив боғлар, токзорлар барпо этилди. Янги-янги инвесторлар билан ҳамкорлик учун имкониятлар эшиклари очилмоқда.
Туманимизни 2019-2020 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига асосан қиймати 300 млрд сўмлик 51 та лойихалар амалга оширилиши белгиланган.
Жумладан, саноат соҳасида 36,7 млрд сўмлик 3 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 228,8 млрд сўмлик 33 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 19 млрд сўмлик 15 та лойихалар амалга оширилмоқда.
2019-2020 йилларда ушбу лойихаларнинг амалга оширилиши натижасида 1430 та янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиб, қиймати 21 млн доллар бўлган агрокластерлар ташкил этиш лойихалари амалга оширилмоқда.
Туманимизда қурилиш, ободонлаштириш соҳасида хам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қишлоқ жойларда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни энг замонавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳам жадал давом этмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобидан 3,4 млрд сўмлик 1 та кўп қаватли , 24 хонадонли уй-жой қурилмоқда.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида Янгиобод шаҳарчаси ва Баландчақир ва Дўстлик маҳаллаларини обод қилиш, шу билан бир қаторда бугунги кунда энг муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, табиий газ ва электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат, йўл қурилиши соҳаларида мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш бўйича олиб борилаётган ишлардан ҳам албатта хабардорсиз.
Жумладан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобига 950 млн сўмлик 80-ўринли янги мактаб, 2, 5 млрд сўмлик 70 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 5 100 млрд сўмлик“Қишлоққурилишбанк”нинг янги биноси, 4,284 млн сўмлик Солиқ инспекцияси бўлимининг янги биноси курилаётган бўлса, Ҳомийлар маблағи ҳисобига 3,2 млд сумлик “Нуронийлар маскани” биноси, 3 млрд.сўмлик “Хотира майдони”, 1,7 млрд сўмлик 100 ўринга мўлжалланган енгил констуркцияли тикувчилик мажмуаси қурилди. Бундан ташқари, Газ бўлими биноси, Давлат хизматлари маркази, Истироҳат боғи қурилиши давом этмоқда. Болалар ва ўсмирлар спрт мактаби, 12- мактаб, Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи бинолари реконструкция қилинди.
Сув тармоқлари янгидан тортилмоқда. Туман марказида 2,4 км умумий фойдаланувчи йўллар, 2,0 км пиёдалар йўлакчалари қурилди. 2,4 км электр тармоқлари қуриш ва 3 дона янги трансформаторлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.70 дона тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Мухтарам юртдошлар! Ушбу рақам ва фактлар ортидаги улкан меҳнат, сарфланаётган маблағларни кўз олдимизга келтирсак, улкан бунёдкорлик майдонига айланган Республикамизнинг энг олис чекка бир туманида олиб борилаётган бундай кенг кўламли ободончилик, бунёдкорлик, жадал ислоҳотларни кўриб, бутун мамлакат миқёсида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ҳақида тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин.
Азиз дўстлар!
Маълумки, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган йўналишлар бўйича қилинаётган ишлар, эришилаётган натижаларни ҳар битта соҳада кўриб-билиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида ҳам қатор ишлар қилинмоқда.
Биринчи ташаббус бўйича турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилиб, истеъдодли ёшларни аниқлаб, улар билан алоҳида машғулотлар ўтказилмоқда.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган ишлар ҳам бир мунча жонланмоқда.Жумладан, жорий йилда Янгиободлик ёшлардан 108 нафари Республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб 34 та, шундан, 10 та олтин, 15та кумуш ва 9 та бронза медали совриндорлари бўлиб қайтишди. Вилоят рейтингида эса 13-ўриндан 7-ўринга кўтарилди.
Учинчи ташаббус бўйича туманимизда ташкил эитилган қатор компъютер саводхонлиги марказларидан ташқари, янги лойиҳалар асосида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида ва таълим даргоҳларида алоҳида тўгараклар, компъютер марказлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Тўртинчи ташаббус асосида ҳам бир қатор муҳим ишлар қилинмоқда. Жумладан туманимизда китобсевар, ижодкор ёшлар учун қулай шароит яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, китобхонларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда кутубхоналарни кўпайтириш борасида ҳам аниқ режалар ишлаб чиқилмоқда. Кенг аҳоли, айниқса ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш учун хизмат қилиши кўзда тутилган “Маънавият ва маърифат”маскани курилаётганлиги ҳам кувонарли ҳолдир.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласини назарда тутувчи бешинчи муҳим ташаббус ижросини таъминлаш бўйича ҳам аниқ мақсадлар кўзланган қатор амалий ишлар қилинаяпти. Хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликга жалб этиш мақсадида 310 нафар ишсиз хотин-қизлар аниқланиб, улар бандлиги таъминланади. Тижорат банклари томонидан 32 нафар тадбиркор аёлга 593 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 1 та тикув цехи ташкил этилиб,100 нафар хотин-қизлар доимий иш жойига эга бўлади.
Бундан ташқари хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш мақсадида 54 нафар ўта оғир шароитда яшовчи хотин-қизлар рўйхатга олиниб, уларга доимий равишда ёрдам қўрсатилмоқда. Жумладан, 22 нафарининг бандлиги таъминланди, 16 нафарига реабилитация воситалари берилди, 11 нафарига тиббий ёрдам ва 8 нафарига психологик ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилди. 21 нафар кам таъминланганларнинг уйи таъмирлаб берилди
Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган 4 та секторда фаолият юритувчи ишчи гуруҳлар уйма-уй юриб аҳолининг турмуш шароитини мунтазам ўрганиб бориши натижасида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларимизга маиший техника воситалари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат кўринишидаги мурувват ёрдамлари бериб борилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилаётган бундай инсонпарварлик ва имкониятлар учун албатта қалбимизда шукроналик билан амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан қарашга, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишга яъни “Ватан менга нима берди, деб эмас, мен Ватанимга нима бердим” деган ғоя билан яшашга бурчлимиз, шундай гўзал ва бетакрор, жаннатмакон юрт, шу Ватанда яшаб, фарзандлик бурчимизни адо этаётганимизга, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшаётганимизга минг бора шукроналар айтишга ҳақлимиз.
Азиз дўстлар!
Биз тинчликни севадиган, қадрлайдиган халқмиз. Дилимиздаги орзу-ниятларнинг амалга ошиши, фарзандларимиз камоли, юртимиз тараққиёти ана шу неъматга боғлиқ экан, ҳозирги осойишта ҳаётимизнинг қадрига етмоғимиз керак. Афсуски, бу дунёда ўзгаларнинг ютуқларини кўролмайдиган кимсалар ҳам борки, бундайлардан доимо огоҳ бўлиш, ўз тинчлигимиз ва мустақиллигимизни асраб авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Азизлар! Бугун юртимизда байрам шодиёналари, суюкли Ватанимиз 28 ёшда. Бу байрам халқимиз ҳаётида, ишида бахт ва омад, бебаҳо тинчлик етаклаб келгани рост бўлсин!
Сизларни яна бир бор Мустақиллик байрами билан чин дилдан муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-тотувлик, бахт-саодат, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, истиқлолимиз абадий бўлсин!