ИИБ: Жорий йилда жиноят содир этиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан ошган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 март кунги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли Қарори ижросини таъминлаш юзасидан Янгиобод тумани ҳудудида амалга ошириб келинаётган профилактик ишларга қарамасдан 2020 йилнинг шу кунига қадар туманимизда жами 9 та жиноят содир этилган ҳолда 2019 йилга нисбатан 4 тага ошиб кетишига йўл қўйилган. Яъни 2019 йилнинг ушбу даврида туман ҳудудида 5 та жиноят содир этилган.
Бу ҳақда шу йилнинг 21 май куни туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда маҳалла раислари иштирокида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида туман ички ишлар бўлими бошлиғи Р.Умматқулов айтиб ўтди.
Таъкидланишича, ушбу даврда 2 та ноқонуний гиёҳвандлик моддалари билан шуғулланиш жинояти (200 % га ошган), 2 та фирибгарлик жинояти (200 %га ошган), 1 та Кантрабанда жинояти (100 %га ошган), 3 та Далат черага қоидасини бузиш жинояти (200 %га ошган), 1 та Қалбаки хужжат ясаш жиноятлари (100 % ошган) содир этилган.
Содир этилган жиноятлар маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини кесимида таҳлил этилганида, Совот ҚФЙ, Хўжамушкент ҚФЙ, Баландчақир МФЙ, Шодлик МФЙ, Дўстлик МФЙ ҳудудларида бирорта ҳам жиноятлар содир этилмаган бир вақтда, Янгиобод ШФЙда 2 тадан 3 тага, Сармич МФЙда 0 тадан 4 тага, Ховотоғ ҚФЙда 0 тадан 2 тага ошиб кетишига йўл қўйилган.
Йиғилишда туман прокурори Д.Байназаров ҳам иштирок этиб, юқорида тилга олинган ҳолатларни қаттиқ қоралади.
– “Туманда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ва олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан жиноятчиликнинг ортиши, шунингдек, туман ҳудудида аввал деярли кузатилмаган айрим ҳуқуқбузарликлар, жумладан, ноқонуний гиёҳванд моддалар билан шуғулланиш ёки фирибгарлик каби ҳолатларнинг пайдо бўлишини қандай тушунишимиз лозим? Бу билан биз қаерга қараб кетаяпмиз? Наҳотки, қўни-қўшни ва маҳалла-кўй ўз атрофида содир бўлаётган бундай жараёнларга эътиборсиз бўлса. Шуни унутмаслигимиз лозимки, бу каби ҳолатларга бепарволик ва лоқайдлик билан қарайдиган бўлсак, ҳар доим ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисаларга хушёр кўз билан боқмасак, юқоридаги каби қонунбузарликларга шароит яратиб берган бўламиз” – дея таъкидлади прокурор.
Шунингдек, йиғилишда сўз олганлар жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, барча ташкилот ва идоралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни ўрнатган ҳолда профилактик чора-тадбирларни амалга ошириши лозимлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.