Реклама ва бино пештоқидаги пешлавҳалар давлат тилида ва амалдаги тартибга мос бўлиши назоратда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 34-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида 2020 йил 9 март куни ўтказилган 01-30/1-3425-сонли видеоселектор йиғилиши баёнининг 5-бандида Ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнларининг “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларига мувофиқлаштириш вазифаси белгилаб қўйилган.
Шунингдек, 1989 йил 21-октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги қонунининг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасида Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш:
Фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади деб белгилаб қўйилган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ўрнатилган ва ҳар хил турдаги реклама қурилмаларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича туман ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳи томонидан туманда олиб борилган ўрганиш давомида ноқонуний тартибда йўлнинг қатнов қисмида жойлашган аҳоли турар-жой биноларининг ташқи қисмида, дарахтларда жойлаштирилган турли шахсий эълонлар ва давлат тилига мос келмайдиган ёзувлар, баннерлар борлиги аниқланиб, улар тегишли тартибда олиб ташланиб, фуқаролар ва тадбиркорларга зарур тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Жумладан, Янгиобод туманида июнь ойи давомида 7 та бинонинг юзасига ўрнатилган реклама эгасига тегишли тартибга тушунтириш берилиб, белгиланган муддатларда демонтаж қилиш бўйича огоҳлантиришлар берилиши натижасида аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилди.
Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш ва давлат тилининг нуфузини ошириш мақсадида хусусий тадбиркорлар, давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритиши ҳамда Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларига риоя этилиши бўйича тушунтириш – тарғибот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Ж.Бобожонов,
Янгиобод туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси.