Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь 2020 йил
594
0

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Қадрли журналистлар!

Авваламбор, юртимиз тараққиётини таъминлаш, фидойи халқимизнинг меҳнати, Ватанимиз истиқболини тараннум қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиз азиз ижодкорларни ҳамда соҳа фахрийларини касб байрамингиз —27  июнь — "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни" билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.

Ижод аҳли, айниқса, журналистлар рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ кишилардир.Сиз ижод ва тафаккурнинг таъсирчан муҳитида шаклланиб, элу халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритишда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз" дея билдирган юксак ишончларига ҳамоҳанг фаолият юритмоқдасиз.

Азиз дўстлар!

Бугун мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасини бошқариш тизимини қайта ташкил қилиш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишнинг муаммоли масалаларини ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш борасида бугунгача қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, жамиятимиз ҳаётига изчил татбиқ этилмоқда.

Хусусан, "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва соҳага оид бошқа қонунларнинг қабул қилинганлиги фуқароларимизнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада айрим мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятимизда бугунги кунда 300 нафар соҳа вакилини ўзида жамлаган 30 га яқин оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг орасида анъанавий ахборот воситалари бўлмиш газета-журналлар, теле ва радиоканаллар, интернет журналистикаси миллий ахборот майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, замон талаблари асосида янгиланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Мисол учун, 2020 йилда Жиззах вилоят телерадиокомпанияси учун янги телестудия қуриб битказилди. Эндиликда қисқа вақт ичида мазкур йирик иншоот зарур техник жиҳозлар, замонавий телевизион студия ва мобиль кўчма телевизион станция билан таъминланиши белгиланган.

Мазкур жиҳат аҳолига холис ахборот етказиш каби долзарб ишга юқори сифат ва самара бахш этиши кундай равшандир.

Қадрли ижодкорлар!

Бугун ҳаётимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда. Бу жиҳат сиз азиз қалам аҳлидан теран иқтидор, чуқур билим ва таҳлилни, тезкорликни, энг муҳими, холисликни талаб этишини яхши биласиз.

Чунки ҳақиқатан ҳам, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши керак.

Ўйлайманки, айни мана шу жиҳатни ҳаётга ҳар доим сергак кўз билан қарайдиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган сиз, матбуот аҳли, ҳар томонлама чуқур англайсиз. Зотан, бугун вилоятимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларидаги юзлаб журналистларимиз зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар, деб айта оламан.

Устоз ижодкорлар Абдулла Аҳмедов, Йўлчи Жўраев, Турсунбой Камолов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ленуре Адильшаеваларнинг ижод мактаби ўз натижасини кўрсатаётгани барчамизни бирдек қувонтириши табиий.

Шу ўринда Жиззах журналистикасида ўчмас из қолдирган ижодкорлар — Тожи Одилов, Юсуф Юлдашев, Насим Нориев, Ўктам Жавлонов, Леонид Адильшаев, Султон Пўлатов, Иброҳим Дониш, Усмон Очилов, Асадулла Каттабеков, Салоҳиддин Сафаров, Акрам Иномов, Келдиёр Жўрақулов, Саидмурод Норбоев, Оппоғой Ботироваларнинг муборак номларини фахр билан ёдга олсак адолатдан бўлади.

Орангизда "Олтин қалам", "Йилнинг энг фаол журналисти" каби юксак мукофотларни қўлга киритган, республика кўрик-танловининг ғолиблари бўлган кўплаб тажрибали журналистлар, иқтидорли ёш ижодкорларнинг борлиги сафингиз муносиблар билан тўлиб бораётганлигини исбот этиб турибди.

Энг муҳими, бугунги ҳаётимизнинг мазмуни ҳисобланган холис ва ҳаққоний ахборотга бўлган эҳтиёжни қондиришда, ўз навбатида, халқ ва давлат бирлигини таъминлаб, ислоҳотларга камарбаста бўладиган юртдошларимиз сафи кенгайишида, бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган барча бунёдкор ислоҳотларни тарғиб қилишда Жиззах вилоят телерадиокомпанияси, "Жиззах ҳақиқати" — "Джи-закская правда" газеталари таҳририятининг пешқадам журналистлари, тажрибали қалам соҳиблари ҳамда ёш, иқтидорли мухбирлари, "Жиззах овози", "Фориш тонги", "Шарқ тонги", "Пахтакор ҳаёти", "Ғаллаорол овози" каби туман газеталари таҳририятларидаги соҳа фидойиларининг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқдир.

Бу борада вилоятимиздаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини республика матбуоти, телевидение, радио ва интернет саҳифаларида фаол тарғиб этилишида беназир ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг мустақил телерадиоканаллари, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, "Халқ сўзи" — "Народное слово", "Қишлоқ ҳаёти", "ХХI ASR" газеталарининг таҳририяти ҳамда кўп сонли марказий нашрларнинг вилоятимиздаги ўз мухбирларига фаолларимиз ва кенг жамоатчиликнинг самимий  миннатдорчилигини  етказиб қўймоқчиман.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпсонли ижод аҳлини, қолаверса, мухлис ҳамда муштарийларингизни  бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга туганмас тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар