Янгиободда сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда (ВИДЕО)
Хабарингиз бор, бу йил ёғингарчиликларнинг меъёридан ортиқ бўлиши ва Янгиобод туманидаги аҳоли пунктлари ҳудудидан кўп миқдорда сел оқиб ўтиши натижасида айрим автомобил йўллари ва кўприкларга зарар етган эди.
Ҳукуматимиз топшириғи билан мазкур ҳудудларда сув тошқинлари келтирган талофатларни бартараф этиш, келгусида юзага келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриляпти. Хусусан, оқимни хавфсиз тарафга буриш, йўл ҳамда кўприк атрофларини мустаҳкамлашга қаратилга амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий илда ҳам қишлоқ ҳудудидан ўтган сел йўлининг тўлиши, қирғоқ қисмларининг емирилиши оқибатида кўприкка зарар етди ва у бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолди. Айни пайтда аҳоли мурожаатлари асосида республикамиз ҳукумати топшириғига асосан бу ерда сел оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу кунларда тумандаги Янгиобод шаҳарчаси ҳудудидан ўтган сел йўлининг мазкур қисмида ўзан тозалаш, қирғоқ мустаҳкамлаш, дамба кўтариш ишлари амалга ошириляпти. Аҳамиятлиси шундаки, умумий қиймати 4,5 млрд сўм бўлган лойиҳадаги ҳар бир юмушнинг сифати қатъий назорат остида олиб борилмоқда.
“Бу лойиҳа учун 2 йил вақт берилган бўлиб, 2020-2021 йиллар манзилли дастур лойиҳасига киритилган. Шундан 2020 йил учун умумий қийматнинг 2,2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳанинг 45 фоиз қисми амалга оширилган” – дейди туман ФВБ бошлиғи Асқар Ҳайитбоев.
– “Лойиҳанинг қолган иккинчи босқичи 2021 йилда амалга оширилади. Мазкур бажарилаётган ишлар аҳолини турли хил фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида олиб борилмоқда”.
Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва турли мутасадди идоралар қурилиш ишларининг сифатли якунланишини назоратга олган.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши сел хавфининг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.