ФОТОРЕПОРТАЖ: Янгиобод туман ДХМда маҳалла фаоллари иштирокида экскурсия ташкил этилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12-13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи давомида “Давлат хизматлари маркази орқали одамлар давлатнинг эътиборини сезиши керак”, деган ғоялари илгари сурилиб, давлат хизматлари марказлари – халқ билан давлат ўртасидаги кўприк ҳисобланиши, фуқаролар давлат хизматларидан маҳалласидан, уйидан чиқмаган ҳолда фойдалана олиши, бу борада барча фуқароларда кўникма шакллантириш ва муносиб шароит яратиш лозимлиги муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Янгиобод тумани фаоллари ва фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида давлат хизматлари марказида экскурсия ташкил этилди.
Экскурсияда давлат хизматлари марказининг фаолияти, давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиблари ва имкониятлари, шунингдек, келажакдаги вазифалари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Экскурсия доирасида ташкил этилган учрашувда Янгиобод туман давлат хизматлари маркази директори А.Каримжонов йиғилганларни бу ерда яратилган имконият ва шарт-шароитлар билан таништирар экан, марказнинг асосий вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, давлат хизматлари марказининг олдига жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона дарча” тамойили асосида, шу жумладан олис жойларга ҳам чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш, давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик, давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш каби вазифалар қўйилган.
Шунингдек, марказ томонидан бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга 140 дан ортиқ хизмат турлари бўйича давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати