Она-Ватан, Мадҳиянг янграсин мудом...
Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Бу қутлуғ санага бу йил 28 йил тўлди.Қонун 13 моддадан иборат бўлиб, унда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган. Юксак аҳамиятга эга бу қўшиқ ижодкорлари меҳнати муносиб эътироф этилиб, 2016 йилда мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон.
Яшнагай тоабад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон...
Ана шундай сатрлар билан бошланувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади, ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Бу муаззам садо азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этади.
Мадҳия фақат мадҳ этиш учун эмас, балки эътиқоднинг ифодаланишидир. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзулари, унинг эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этади. Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамланиб, унинг мақсади давлат мустақиллигига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлаш, давлат мустақиллигининг идрок қилиниши учун матн ва мусиқа ёрдамида ифодалашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.
Юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларида мазкур шукуҳли тарона жаранглаганда қалбларимиз фахру ифтихорга тўлади.
Бу улуғвор қасидани тинглаганда, куйлаганда беихтиёр энг жўшқин, умидбахш туйғулар пайдо бўлади. Кўз олдимизда эзгу ниятлари ўзига эш халқимиз, она-Ватанимизнинг таровати, бой тарихи, саодатли бугуни ва буюк келажаги намоён бўлади.
Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.
Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.
Бугун кўплаб мамлакатларда давлат мадҳияси айнан мактабдан бошлаб ўргатилади ва куйланади.
Ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш – Давлат мадҳиясини куйлатиш билангина чекланмайди, таълим-тарбия жараёнида кўплаб бошқа воситалар ва усуллар қўлланилади. Аммо, Давлат рамзларига ҳурмат ватанпарварлик тарбиясининг пойдевори ҳисобланади. Шунинг учун ҳамки, юртимиздаги барча мактабларда эрталабки сафланишларида Давлат мадҳияси куйланиши йўлга қўйилган.
Зеро, Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан қалбимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган
Шунинг учун ҳам Давлатимиз мадҳияси -келажагимизни шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади ва бизни она-Ватанимиздан ғурурланишга, уни севишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бунданда юксак чўққиларни забт этишга ундайверади.
Сабоҳат Абдураҳмонова,
Маънавият ва маърифат маркази
Янгиобод туман бўлинмаси раҳбари,
Жиззах вилоят Кенгаши депутати