Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Мустақил Ўзбекистон илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда. Нега?

Мустақил Ўзбекистон илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда. Нега?

06 январь 2021 йил
543
0

Фақат тахминларга таяниб иш кўрган одам ютқазади. Таваккалчилик, башоратгўйлик маълум жабҳалардагина зарур. Аниқ статистика эса ҳар соҳада керак. Бусиз ривожланиш ҳақида гапириш ўринсиз. Айниқса, ҳозирги тез ўзгариб бораётган замонда.

Бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу ҳам бевосита статистикага дахлдор. Яъни аҳолини рўйхатга олиш ҳақида.

Хўш, бу амалиёт нима учун керак? Нега кейинги бир йилда бу ҳақда жуда кўп гапириляпти? Нима, бизда шу пайтгача аҳоли рўйхатга олинмаганмиди?

Тасаввур қилинг, хонадонингизда 10 киши яшайди. Демак, бозор-ўчар қилишда улар сонини ҳисобга оласиз. Фалон кило гўшт, фалон литр ёғ, фалон кило ун, қанчадир гуруч ва ҳоказо... Хонадон бекаси ана шу ноз-неъматларни пишириб, дастурхонга тортишда ҳам, табиийки, уйдаги одамлар сонини инобатга олади: 10 косада таом келтиради. Фақат хонадон аъзолари ёши, хоҳиши ва таъбидан келиб чиққан ҳолда овқат кимгадир каттароқ косада, кимгадир кичикроқ идишда, кимгадир ёғсизроқ, кимгадир сергўштроқ қилиб сузилади. Оилангиздагилар учун кийим-кечак харид қилишда ҳам худди шундай йўл тутасиз. Ўғлингиз ё қизингизни бирор тўгаракка бермоқчисиз? Бу ўринда унинг қизиқиши, қобилияти, салоҳияти, имкониятини ҳисобга оласиз!

 Энди савол туғилади: қандай қилиб бу борада тўғри ва оқилона қарор қилишга эришяпсиз? Жавоб аниқ: чунки сизда оила аъзоларингизнинг ҳар бири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар базаси бор!  

Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар зуруратини ана шунга қиёслаш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда хонадонлар иссиқ бўлиши, одамлар қора қозони қишин-ёзин қайнаб туриши учун неча минг тонна кўмир, қанча саксовул, неча минг куб метр газ газ керак? Бухорода-чи? Хоразмда неча киши ишсиз? Сурхондарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Фарғонада нечта оила уй-жойга муҳтож? Самарқандда қанча туғуруқ ёшидаги аёл бор ва мавжуд туғруқхоналардаги ўринлар сони ана шу кўрсаткичга мутаносибми? Сирдарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Сурхондарёда чироқ ўчмаслиги учун бир ойда қанча электр энергияси ишлаб чиқариш зарур? Андижонда нечта оила битта хонадонда истиқомат қилади? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади?...

 Кўряпсизми, аҳолини рўйхатга олиш, яъни биргина шу амалиёт билан қанчадан-қанча саволларга жавоб, қанчадан-қанча муаммоларга ечим топиш мумкин!

Бироқ юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан узоққа бориб бўлмайди. Режа ва дастурларнинг манзиллилиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги бу борадаги маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигига боғлиқ. Шу боис ҳам доноларимиз азалдан етти ўлчаб бир кесмоқни насиҳат қилиб келади. Халқ мақоли эса яна ҳам ҳикматли: санамай, саккиз деманг!

Б.Муқумов

Янгиобод тумани статистика бўлими Етакчи мутахассиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар