Янгиободда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди (Видео)
Истиқлолнинг илк йилларидаёқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида қаралиб, Қуролли Кучларимизни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга киришилди.
1992 йил 14 январь куни Республика Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги тарихий қарори қабул қилинди ва унга кўра, мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий тузилмалар республика тасарруфига олинди. Мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди. Шу боис 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Шундан буён бу кунни юртимизда миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланди.
Бугун ҳам Янгиобод туманидаги Хотира хиёбонида 14-январь - Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги муносабати билан "Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша" шиори остида тадбир ташкил этилди.
Тадбир аввалида туман ҳокими И.Матиев барчани бугунги қутлуғ сана билан табриклаб, ёш авлод учун ўз фидоийлиги билан ибрат мактаби яратаётган мард ва жасур посбонларимизнинг шарафли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, Қуролли Кучларимизнинг шонли йигирма тўққиз йили давомида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган, замонавий, ҳар томонлама яхши қуролланган, ҳеч кимдан кам бўлмаган миллий армиямизни шакллантириш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида ДХХ чегара қўшинлари командири ўринбосари М.Дадахонов ҳамда меҳнат фахрийси, туман Кенгаши депутати О.Бегматовлар ҳам сўз олиб, юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилатган барчани байрам билан табриклаб, бугунги кунда Қуролли кучларимиз салоҳияти ҳамда юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук ва ватанга содиқ фарзандлар этиб камол топтириш борасида яратилган шароитлар ҳақида гапирдилар.
Шунингдек, тумандаги 7 та чегара постидаги ёш ҳарбий хизматчилар учун туман ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектори раҳбарининг 7 та компютер жамланмаси учун махсус сертификати ҳам топширилди.
Тадбир сўнгида туман ҳокимлиги ҳамда ДХХ чегара қўшинлари томонидан "Мотамсаро она" монументи пойига гулчамбар қўйилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати