Совот қишлоғида ҳоким ва масъул ташкилот раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди
Бугун Янгиобод тумани ҳокими И.Матиев ҳамда масъул тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Совот қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳоким ўринбосарлари, секторлар, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, банк ходимлари ҳамда 40 га яқин ёшлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида туман ҳокими ёшларга мурожаат қилар экан, эндиликда ёшлар масаласи, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш нафақат ҳокимнинг, қолаверса, ҳар бир ташкилот ва идора раҳбари кун тартибидаги устувор вазифаси эканини таъкидлаб, ёшлар бандлиги, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талаби доимий диққат-эътибор марказида эканини яна бир бор эслатиб ўтди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам тўхталиб, ёшларни ҳар томонлама баркамол ва етук қилиб тарбиялаш борасида илгари сурилган вазифалар ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга туманда ёшлар соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар ва олдинда турган мақсадлар хусусида ҳам маълумот бериб, мазкур вазифаларни амалга оширишда ёшларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшларнинг муаммо, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Уларнинг таълим, тадбиркорлик, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муаммо ва таклифлари тегишли мутасадди раҳбарлар томонидан муҳокама этилиб, баъзилари жойида ҳал этилди, баъзиларига эса тушунтириш ва тавсиялар ҳамда ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати