Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари 20 мартдан баҳорги таътилга чиқади
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларига 2021 йил 20 мартдан баҳорги таътилга рухсат берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, давлат раҳбарининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2021 йил 20 март, шанба куни барча ходимлар учун иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади.
Шу муносабат билан, 2021 йил 20 март куни 2020–2021 ўқув йилининг баҳорги таътилининг биринчи куни ҳисобланади. Баҳорги таътил 20 мартдан 28 мартгача давом этади. Шунингдек, 2021 йил 29 мартдан ўқув йилининг 4-чораги бошланади.
Бундан ташқари, 2021 йил 20 март куни юқори синфларга белгиланган дарс соатлари 4-чоракда тиғизлашган ҳолда ўтказилиши айтиб ўтилган.