Бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланган байрам
Дунёда байрамлар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз келиб чиқиши, тарихи, анъана ва удумларидан келиб чиқадиган мазмун ва моҳиятига эга. Мазмунан – Янгиланиш ва яшариш, баҳорий хушкайфият, моҳиятан – Она заминга, табиатга муҳаббат, ўзаро меҳр-оқибат, саҳоват, ва шу каби кўплаб эзгу тушунчаларни ўзида умумлаштирган Наврўз халқимизнинг бебаҳо қадриятларимиздан биридир.
Бундан минг йиллар олдин табиат билан уйғунликда яшашга интилган аждодларимиз самовий жисмлар ҳаракатини кузатиб, баҳорий тенгкунликнинг қачон бошланишини аниқ ҳисоблаб чиқишга муваффақ бўлганлар. Кўклам атрофга аллақачон сепини ёйганига қарамай, айнан Наврўз, яъни “Янги кун”дан сўнг чўпону чўлиқларга сурувларни яйловларга ҳайдашга, деҳқонларга баҳорий дала ишларини бошлага фатво берилган.
Айнан баҳорий кайфият кўнгилларга жо қилган кўтаринкилик, хушнудлик Наврўз байрамининг нишонланишига оид кўплаб анъана ва урф-одатларимизнинг шаклланишига, йиллар давомида халқимизнинг қадриятларига айланишига сабаб бўлган, десак ўйлайманки янглишмаймиз. Чунки, Наврўз табиатни яшнатиб, атрофга чирой бахш этса, байрамга хос бўлган одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак фазилатлар инсонга кўрк бағишлайди.
“Миллатни тобе қилмоқчи бўлсанг, уни тарихидан, қадриятларидан айир”, - деган ақида устивор бўлган мустабид тузум даврида “Наврўз”га бежизга қайта-қайта тажовуз қилинмади. Шукурким, у кунлар қайтмас бўлиб ортда қолди. Истиқлол йилларида “Наврўз” яна халқимиз улуғлаган, қадрлаган қадриятларимиз рамзларидан бирига айланди.
“Наврўз” 2009 йил 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилгани ҳам бежиз эмас. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 мартни халқаро Наврўз куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, “Наврўз” нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ анъана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилмоқда. “Наврўз” бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланди. “Наврўз” байрами яхши қўшничилик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
“Наврўз” шукуҳига тўйинган ушбу кунларда O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши фаоллари, депутатларимиз ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлмоқдалар, муҳтожлар, ногиронлар ҳолидан хабар олмоқдалар.
“Мустақилликнинг ўттиз йиллигига биздан ўттизта кўчат совға” шиори остида бошланган саъй-ҳаракатлар айнан “Наврўз” умумхалқ ҳашаридаги ободонлаштириш ишлари билан уйғунлашиб кетди. Жиззах шаҳридаги Жиззахлик маҳалласида маслакдошларимиз томонидан 30 дона манзарали дарахт кўчатлари экиш билан бошланган мазкур акция вилоятдаги барча туманларда давом эттирилмоқда.
Депутатларимиз, партия вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” гуруҳи фаоллари барча туманларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар холидан хабар олмоқдалар. Ҳомийлар билан ҳамкорликда уларга моддий кўмак берилмоқда. Шу ўринда Наврўзолди саҳоват тадбирларида фаол иштирок этаётган, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари Элёр Тўрақулов, Фарход Одилов ва Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати Шарофат Нориеваларни алоҳида тилга олиб ўтсак арзийди.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга шарқона Янги йилимиз, мустақиллик туфайли қадр топган “Наврўз” қадриятлари яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига бундан кейин ҳам ҳамоҳанг бўлиб қолаверади.
Эркин ХОЛМАТОВ,
O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутаталри вилоят Кенгашидаги
партия депутатлик гуруҳи раҳбари