САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги №ЎРҚ-670-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар билан тўлдирилди.
Жумладан, чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш ҳақидаги 271-модда билан тўлдирилди.
Эндиликда;
- Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.
- Фуқароларга эса Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши имкони яратилди.
- Участка сайлов комиссиялари фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади ҳамда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
- Шунингдек, ушбу қонун билан фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.
- Қонун билан, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.
Эътиборли жиҳати ушбу қонун билан;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
- сайлов комиссиялари аъзоларининг;
- диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди.
- Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланди.
Д.Эшматов,
Жиззах вилоят суди судьяси.
И.Карабаев,
Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди раиси.
Муҳокамага қўшилинг