Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг Рамазон ҳайити муносабати билан туман халқига байрам табриги
Ассалому алайкум қадрли тумандошлар!
Барчангизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми — муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бугунги қутлуғ айёмда аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун барчамиз Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Ҳаммамизга маълумки, яхшилик, сабр қаноат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно - мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни, азалий қадриятларимизни мустаҳкамлаш ва инсон тарбиясидаги аҳамияти беқиёсдир.
Бугун Яратганнинг марҳамати билан халқимиз тинчлик ва фаровонликда ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимиз, хусусан, бизнинг туманимизда ҳам янги тараққиёт босқичига қадам қўйилиб, барча соҳаларда янгиланишлар рўй бермоқда.
Азизлар!
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига етган. Бу қадриятнинг мавқеи айниқса, улуғ Рамазон ҳайити арафасида янада яққолроқ намоён бўлади.
Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгаришлар ва янгиланишлар кучайиб бораётган бир пайтда буюк аждодларимиз қадамжолари, табаррук масканларда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бебаҳо меросимизни асраб авайлаш ва халқимизга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат туманимизда, балки Ватанимизнинг ҳар бир ҳудудида изчил давом этмоқда.
Албатта биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга, замонавий илм-фан, касб-ҳунар ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим шарти эканлигини яхши англаймиз.
Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Азиз тумандошлар!
Бугунги кунда дунё миқёсида барқарорликка нисбатан таҳдидлар жиддий тус олаётгани бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга, фарзандларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашдек ғоят масъулиятли ишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият беришга даъват этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.
Зеро, ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, бир-биримизга ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий вазифамиздир.
Қадрли тумандошлар!
Барчангизни яна бир бор улуғ Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этаман, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик, шахсий ҳаётингизда бахт ва саодат тилайман.
Дуога қўл очган кекса отахону онахонларимизнинг шундай фазилатли дамларда юртимиз тинчлиги, халқимиз бошига ташвиш солаётган турли синовларнинг ортга чекинишини сўраб қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин.
Жонажон юртимизда, хонадонларимизда тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака бардавом бўлсин.
Эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.