2021 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Дастлаб сенаторлар “Транспорт тўғрисида” ги Қонунни кўриб чиқди.
Бугун мамлакатимиз транспорт тизимининг ҳар бир тармоғи ўз фаолиятига доир “Автомобиль транспорти тўғрисида”, “Темир йўл транспорти тўғрисида” қонунлар ва Ҳаво кодекси каби қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниб келмоқда.
Натижада транспорт тизимининг автомобиль, темир йўл, авиация, сув транспорти тармоқлари бир-биридан алоҳида, ўз йўналишида ривожланиб, улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида қонун мавжуд эмас эди.
Кўриб чиқилаётган Қонун эса соҳадаги бу каби камчиликларни бартараф этишда тармоқдаги қонун ҳужжатлари билан тенг юридик кучга эга бўлган, бир вақтнинг ўзида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган нормаларни белгилайди.
Ташиш шартномаси ва мажбуриятлари бўйича юзага келадиган жавобгарликни таъминлаш каби иқтисодий масалаларнинг ҳал этилиши орқали тижорат транспорти фаолиятини ривожлантириш ҳам Қонуннинг асосий мақсадларидан биридир.
Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, транспорт фаолияти субъектларининг тенглиги, давлат ва транспорт фаолияти субъектлари манфаатларининг уйғунлиги ва жавобгарлиги каби тамойиллар ҳам Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Умуман Қонун тижорат асосида амалга ошириладиган ҳар қандай транспорт фаолиятини юритишда вужудга келадиган муносабатларга нисбатан тадбиқ этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Фазовий маълумотлар тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Глобаллашаётган дунёда, жумладан мамлакатимизда ҳам геоахборот технологияларини ҳаётга кенг жорий этиш ва деярли барча соҳаларда геоахборий фаолият турига ўсиб бораётган эҳтиёжни таъминлаш учун сиёсий ва ҳуқуқий муносабатларни янги шаклда ташкил этиш ҳамда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини муваффақиятли яратиш ва ривожлантиришни институционал қўллаб-қувватлаш заруратга айланди.
Шу мақсадда “Геодезия ва картография тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча равишда, қонунчилик жараёни ривожланишининг янги босқичи ва фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолият юритишда ҳуқуқий, иқтисодий, бошқарув ва ташкилий асосларини юридик мустаҳкамлаш мақсадида “Фазовий маълумотлар тўғрисида” ги Қонун ишлаб чиқилди.
Ушбу Қонун тасдиқланиши билан фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида муносабатлар тартибга солинади.
Ушбу Қонунда фазовий маълумотлар, фазовий маълумотларга ишлов бериш, фазовий маълумотларнинг метамаълумотлари, фазовий объектлар каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти акс этиш, улар ҳақидаги ахборот ижтимоий ҳаётимиз учун нақадар зарур ва долзарб эканлигини англатади.
Қонун қабул қилиниши орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, амал қилиши ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Геодезия ва картография соҳасига янги ахборот ва инновацион рақамли технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлиси доирасида сенаторлар “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқдилар.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чоралари тўғрисида” ги Фармони билан белгиланган вазифаларни ўз ичига олган.
Қонун аввало мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Бу эса соҳада хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда ҳам муҳим омил бўлади. Қолаверса, ушбу ҳужжат заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиришга ҳам йўналтирилган.
Қонун қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари, бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ белгиланиши тармоққа инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шароит яратади.
Хусусан, Қонунга биноан устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки 50 фоиздан кам давлат улиши бўлган тадбиркорлик субъектларига қимматбаҳо металлар ва тошларни сарфлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилмоқда.
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш масалалари ҳам қонунда батафсил ўз ифодасини топган.
Қонунни ишлаб чиқишда Белорусия, Ҳиндистон, Канада, Қозоғистон, Молдова, Россия Федерацияси, Италия ва Туркия ҳамда Вена конвенциясини ратификация қилган 19 та давлатнинг илғор тажрибаси ўрганиб чиқилган.
Шунингдек Қонун хусусий секторнинг қимматбаҳо металлар айланмасида ўз фаолиятини очиқ, шаффоф олиб боришига имконият яратади.
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарори қабул қилинган эди.
Сенат томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб Қонунда ўз аксини топганлигини инобатга олган ҳолда Қонун ялпи мажлисга киритилгани қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Қонунни қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланади:
биринчидан, 2018 йилнинг январь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёпиқ қарорлари билан тартибга солинган бўлиб, очиқ тарздаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас;
иккинчидан, Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув, муҳандислик-техник ва бошқа тадбирлар мажмуини амалга оширади.
Бунда Президент давлат хавфсизлик хизмати тезкор-хизмат фаолиятининг алоҳида жиҳатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўғридан-тўғри таъсир этади.
Хусусан, Президент давлат хавфсизлик хизмати ўзига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида қўриқланувчи шахслар манфаатларини кўзлаб, қўриқлаш тадбирлари ўтказилаётган жойларда эркин ҳаракатланишни, қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари атрофида ва ҳаракатланиш йўналишларида турли хил объектларнинг қурилиши ва реконструкциясини, қўриқланувчи шахсларга ва улар бўлиш объектларида хизмат кўрсатишга бевосита жалб этилган ташкилотларнинг меҳнат фаолияти амалга оширилишини ва бошқа ҳаракатларини чеклайди;
учинчидан, Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўқ отар қуролни қўллашнинг аниқ тартиби белгиланмаган.
Шу муносабат билан Қонунда қуйидаги масалаларни тартибга солиш кўзда тутилган. Хусусан:
- қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўлланиладиган умумэътироф этилган тушунчалар ва атамалар, уларнинг мазмунини шарҳлаш ва тўғри қўллаш мақсадида ушбу фаолият турининг принциплари;
- қўриқланиши белгиланган қўриқланувчи шахсларнинг тоифаси;
- Президент давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари;
- Президент давлат хавфсизлик хизматининг шахсий таркибини бутлаш тартиби, ҳарбий хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ
ва мажбуриятлари;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташнинг алоҳида жиҳатлари, уларга ҳарбий унвон бериш ва касбий тайёргарлигини ташкил этиш;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси кафолатлари;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларини хизмат гувоҳномалари, жетонлар ва ҳарбий кийим-кечак билан таъминлаш масалалари;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилишининг батафсил шартлари ва тартиби;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини назорат қилиш тартиби назарда тутилмоқда.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий асосларини такомиллашишига, амалдаги қонун ҳужжатлари ва юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғунлашишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлис кун тартиби доирасида “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.
Мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маданият, илм-фан, адабиёт, санъат соҳаларини юксалтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.
Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини ошириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, театр, мусиқа, тасвирий санъат ҳамда бошқа санъат турларини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари давлатимизнинг устувор вазифаларига айланиб бормоқда.
Шу маънода, “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифалар изчил амалга оширилаётганининг яна бир тасдиғидир.
Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини ҳисобга олиб, маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.
Айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу сана Халқаро маданият куни сифатида нишонланади. Хусусан, 2008 йилдан Италия, Испания, Россия, Аргентина, Мексика, Куба, Латвия ва Литва каби давлатларда 15 апрель – Халқаро маданият куни Тинчлик байроғи остида тантана қилинади.
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган юртдошларимиз айнан мана шу байрам кунида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланиши кўзда тутилган.
Халқ ижодиёти ривожлантириш, маданият ва санъат соҳасидаги маҳоратли ижрочи ва ижодкорлар, профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, миллий санъатимиз намуналари жаҳон саҳнасида эътироф этилиши учун шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.
Маълумки, Сенатнинг 12-ялпи мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни маъқулланган эди ва бу халқаро ва миллий экспертларнинг тавсияларига кўра қабул қилиниб, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланган эди.
Амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни
3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган.
ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни фақат суд кўриб чиқишини белгилашни тавсия қилган.
Муҳокама қилинган Қонун билан сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда, у билан миллий экспертлар тавсиялари асосида қуйидаги ўзгартишлар киритилмоқда:
- юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш;
- сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш;
- сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш;
- сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш.
Ушбу Қонунни қабул қилиш миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” ги Қонун кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 15 йил давомида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда туриб яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги таклифлари фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонунчилигидаги ўзгартиришлар уни мукаммаллаштириш ва соддалаштиришга, шунингдек, фуқароликка доир шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бир қаторда, миллий фуқаролик қонунчилигини ривожланиши ва доимий равишда такомиллашиб бориши зарурлиги, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Бугунги кунда фуқаролик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан Республикамизда фуқаролиги бўлмаган шахсларда фуқароликни олишда айрим қийинчиликларга дуч келганлар.
Энди мазкур Қонун билан қийинчиликлар бартараф этилмоқда.
Мазкур ҳужжат 2021 йил Давлат дастури ижросига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун билан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Қонуннинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:
хусусан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни, шунингдек, ўн беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш механизмлари яратилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, фуқароликни тан олиш институти мутлақо янги институт бўлиб, МДҲга аъзо давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилмаган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, мамлакатимиз ҳудудида ўн беш йил давомида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олишни, қонуний асосларга мувофиқ, тўғридан-тўғри фуқаролик олишни ҳуқуқий асослари яратилади ва ўн беш йил доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш зарурияти қолмайди.
Натижада, юридик фактни суд тартибида тасдиқлаш орқали, фуқаролик масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камаяди;
фуқаросизликни қисқартиришни аниқ амалга ошириш асносида Ўзбекистон Республикасининг халқаро имиджи янада мустаҳкамланади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар кун тартибидаги яна бир муҳим “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунни муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ва қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан Ўзбекистон Республикасида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи “Қурол тўғрисида” ги Қонуннинг амалдаги ижроси, унинг нормаларини қўллашда вужудга келган муаммолар таҳлил қилинмаган.
Жумладан, жойларда ўтказилган ўрганишлар мамлакатимизда “Қурол тўғрисида” ги Қонуннинг ижроси ва ўқотар қуролнинг муомаласи билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар аниқланди.
Хусусан, ҳозирги кунга қадар қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланмаган.
Ўқотар ов қуролига эгалик қилиш учун фуқарога нисбатан тиббий чекловлар мавжуд бўлса-да, унинг спиртли ичимликларга ружу қўйганлиги, гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги тегишли рухсатнома олиш учун тўсқинлик қилмайди.
Шунингдек, қурол эгаларини тиббий чекловлар бўйича даврий равишда текшириш, улар билан бирга яшовчи фуқаролар орасида руҳий касалликка чалинган, спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мубтало бўлганларига эътибор қаратиш механизмлари мавжуд эмас.
Шу билан бирга, ўқотар ов қуроллари ҳамда пневматик ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари билан кириш таъқиқланган объектлар учун умуммажбурий тартиб ўрнатилмаган.
Ушбу ҳолатлар, ўз навбатида турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунга мисол қилиб, сўнгги йилларда дунё мамлакатларида қурол
ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ рўй бераётган салбий ҳолатлар, шу жумладан куни кеча Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида мактабда содир этилган аянчли ҳолатни келтириш мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ҳамда қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги “Қурол тўғрисида” ги Қонун ва бошқа қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.
Сенаторлар томонидан Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг муҳимлиги ва аҳамиятини эътиборга олиниб, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бироқ, қонун ва қонун ости ҳужжатларини янада тартибга солиш доираларини белгилаш, уларда жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг ваколатларига кирувчи масалаларни ҳамда корпоратив муносабатларни тартибга солишни назарда тутадиган ҳуқуқий нормалар аниқ белгилаш тақозо этмоқда.
Қонун 14 та моддадан иборат. Унга мувофиқ 7 та кодекс ҳамда 5 та қонунга, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Бюджет, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига, шунингдек “Нотариат тўғрисида” ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда ҳамда мазкур жиноятларни малакалашда ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиёт шаклланиши таъминланмоқда.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасида назарда тутилган санкция янги таҳрирда қабул қилинмоқда ҳамда мазкур модда иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда.
Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун, шунингдек Озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сифатида қайд этилмоқда.
Шунингдек, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” ги Қонунга “йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома” тушунчаси, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш учун асослар, транспорт воситалари эгалари ва суғурталовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш чоғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ нормалар киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида” ги Қонуннинг 20-моддаси янги таҳрирда қабул қилиниб, Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси экспертизасини ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия таҳлилини ўтказиш соҳасидаги вазифалари белгиланмоқда.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши киритилиши аҳоли саломатлигини асраш, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга, бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликниг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлис давомида парламент аъзолари ХМТнинг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли конвенциясини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Ушбу Конвенция 2006 йил 31 май куни ХМТ Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинганлиги таъкидланди. Конвенциянинг асосий мақсади – ишлаб чиқаришда жароҳат олиш, касб касалликларига чалиниш ва инсон ўлимининг олдини олиш учун меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштириб боришдир.
Таъкидланганидек, ХМТ Конвенцияси устувор конвенциялардан бири ҳисобланади. Конвенцияга мувофиқ миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ишчиларнинг энг нуфузли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастурни ишлаб чиқиш орқали касб касаллигига чалиниш, ишлаб чиқаришда жароҳат олиш ва инсон ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилмоқда.
Муҳокама доирасида сенаторлар Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя этиш ҳолати, ушбу йўналишдаги асосий муаммоли жиҳатлар тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, ХМТнинг 187-сонли Конвенциясини 49 та давлат, шу жумладан бир қатор МДҲ давлатлари томонидан ратификация қилинганлиги қайд этилди.
Бунда мажлис доирасида Конвенциянинг аксарият нормалари ва қоидалари миллий қонунчиликка татбиқ этилганлиги алоҳида таъкидланди.
Сенаторларнинг фикрича, ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали татбиқ этишга кўмаклашишини, ишчилар учун қўшимча кафолатлар яратишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принциплар ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.
Шундан сўнг сенаторлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Сенаторлар ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беришини, қонунчиликни янада такомиллаштириш учун дастур бўлиб хизмат қилишини, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиришини таъкидладилар.
Конвенция қабул қилиниши:
биринчидан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
иккинчидан, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратиш;
учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.
Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.
Сенаторлар Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида қабул қилинган Қонун жамиятда ногиронликка ижтимоий-ҳуқуқий ёндашувни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидладилар.
Бўлиб ўтган муҳокамалар давомида сенаторлар Ўзбекистон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, ногиронлар учун тегишли инфратузилмани такомиллаштириш (турар жой ва жамоат биноларини, транспортни, бир қатор хизматларни мослаштириш), шунингдек аҳоли ўртасида янглиш фикрлар ва стереотипларни йўқ қилишни назарда тутадиган ахлоқий-маънавий йўл-йўриқларни шакллантириш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олишини таъкидладилар.
Шундай қилиб, мазкур Конвенцияни қабул қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, шунингдек, тенг иштирок этиш ва ресурслардан фойдаланиш, фуқароларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини камситишларсиз амалга ошириш тамойилларига риоя қилишга қатъий содиқлигини ва бу борада мунтазам саъй-ҳаракат олиб бораётганлигини кўрсатади.
Ушбу ҳужжат сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлис давомида Сурхондарё вилояти Денов тумани Кенгашининг қарорининг қонунийлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига келиб тушган мурожаатлар асосида халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Туманда шартнома мажбуриятларини бажармаётган, ер ижара шартномасига қисман ўзгартириш киритилаётган, янгидан ташкил қилинаётган ва қўшимча ер майдони олаётган фермер хўжаликларининг фаолиятини кўриб чиқиш тўғрисида”ги 123/25-06-сонли қарорининг қонунийлиги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Қарор билан тумандаги “DENOV AGRO-PILLA” МЧЖнинг Хазорбоғ, Охунбобоев, Ғалаба, Ўзбекистон ҳудудларидаги 114,23 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.
Хусусан, Қарорнинг 2-бандида тумандаги 9 та пахта ва ғаллачилик фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниши, 5-бандида қатор фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижараси шартномаларига ўзгартириш киритилаётган фермер хўжаликлари сони тасдиқланиши назарда тутилган.
Аммо амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳокимлик ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ваколати мавжуд эмас.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Қайд этилганидек, Ер кодексининг 24-моддасига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида” ги Қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Ушбу масала бўйича келтирилган маълумотларга асосан Олий Мажлис Сенати Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Туманда шартнома мажбуриятларини бажармаётган, ер ижара шартномасига қисман ўзгартириш киритилаётган, янгидан
ташкил қилинаётган ва қўшимча ер майдони олаётган фермер хўжаликларининг фаолиятини кўриб чиқиш тўғрисида” ги қарори қонунчиликка зид деб топиб, уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ялпи мажлис давомида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқдилар.
Мамлакатимизда жорий этилган “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби янги тизимдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашдан иборат.
“Аҳоли бандлиги тўғрисида” ги Қонунининг 6-моддасида аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб ёшларни, айниқса қишлоқ жойлардаги ёшларни, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш белгиланган.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўтказилган ўрганишлар ҳозирда нафақат ўрта, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим масалалар борлигини кўрсатди.
Республикамизда 2021 йил 1 январь ҳолатига мавжуд бўлган 19,1 млн нафар меҳнат ресурсининг 14,8 млн нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шундан 13,2 млн нафари ўз иш-жойига эга, 1,6 млн аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилади. Улардан 805,2 минг кишидан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлардир.
Шунингдек, меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг битирувчи кириб келади. Яъни, олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди. Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 365,2 минг нафарни ташкил қилади.
Республикада 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган.
Мамлакатимизда 2020/2021 ўқув йилидан фаолият бошлаган коллеж ва техникумларга қабул қилинган дастлабки ўқувчилар 2022 йилда мазкур муассасаларни битиради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш йил сайин янада долзарб аҳамиятга эга бўлиб боради.
Лекин ҳозирда республикада айнан тармоқлар кесимида квалификацион ва олий маълумотли кадрларга бўлган талабни ўрганиш тизими жорий этилмаган. Олий ўқув юртларига қабул квоталарини белгилаш ва кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида аксар битирувчилар ўз касби бўйича ишламаяпти. “Ёшлар дафтари” га киритилган ўғил-қизларнинг 27,9 минг нафари ишсиз битирувчилардан иборат.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона Миллий Меҳнат Тизимида корхона ва ташкилотларда кадрларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ жами 116 мингдан ортиқ бўш иш ўрни (Тошкент шаҳрида 23 417, Тошкент вилоятида 21 449, Андижон вилоятида 10 634, Фарғона вилоятида 9 460, Самарқанд вилоятида 8 644, Бухоро вилоятида 8 524) қайд этилган. Бироқ, мазкур тизимдан ёшлар етарли даражада хабардор эмас. Қолаверса, мавжуд бўш иш ўринларида таклиф қиланаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмайди. Жумладан, айни пайтда олий маълумот талаб этадиган 19 177 та бўш иш ўрни учун 1 млн сўмгача, 26 754 та бўш иш ўрни учун 2 млн сўмгача маош таклиф этиляпти.
2020 йилда республикада жами банд бўлганларнинг 82 фоизи ёки 11,1 млн нафар аҳоли хусусий секторда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ва олий таълим муассасалари ўртасида мақсадли кадрлар тайёрлаш, кадрларга буюртма бериш тизимида бевосита тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини англатади.
Республикамизда давлат грантлари асосида таҳсил олаётган битирувчиларни ишга тақсимлаш ОТМни тамомлашдан бир ой аввал комиссия томонидан амалга оширилади. Лекин, тўлов-контракт асосида таълим олаётганларни иш билан таъминлаш масаласи билан шуғулланиш бўйича аниқ мақсадли чоралар белгиланмаган.
ОТМда давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилар диплом олиши учун келгусида фаолият олиб борадиган иш жойидан уч томонлама (талаба, ОТМ, ишга қабул қилувчи) шартнома олиб келиши талаб этилаётган бўлиб, мазкур жараён кўп ҳолларда сохта маълумотлар ортишигагина хизмат қиляпти.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун зарур қонун ва ҳуқуқий кафолатларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмаганлиги, бюрократизм, маҳаллий раҳбарларнинг қаршилиги, коррупция, таниш-билишлик, ижтимоий адолат тамойилининг бузилиши, дастлабки маблағнинг йўқлиги, имтиёзли кредит маблағларининг ўз вақтида берилмаётгани, бозор ва бизнес ҳакидаги маълумотларнинг камлиги, тадбиркорлик кўчмас мулки объектларини бузиш ҳолатлари мавжудлиги каби масалалар ёшлар тадбиркорлигига тўсиқ бўлаётганлиги айтиб ўтилди.
Сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида илғор хорижий давлатлардаги ижобий тажрибаларни ҳам ўрганиш зарурлигини ҳам таъкидладилар. Хусусан АҚШ университетларидаги “Рекрутинг марказлари”, Япониядаги “умрбод бандлик тизими”, Финляндиянинг ҳар бир олий таълим муассасаси таркибидаги махсус бандлик хизмати, Қозоғистондаги “Диплом билан қишлоққа” каби дастурларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.
Юқоридагиларни инобатга олиб, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида ҳукуматга Парламент сўрови юбориш юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бўлиб ўтган муҳокамаларда сенаторлар сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айланган туризм соҳаси пандемия пайтида энг кўп зарар кўрганлигини таъкидладилар. Хусусан, глобал коронавирус пандемиясидан олдин мазкур соҳа ўз тараққиётида энг юқори кўрсаткичларга эришган эди. Жумладан, агар 2019 йил охирида мамлакатга 6,7 млн чет эллик сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич атиги 1,5 млн сайёҳни ташкил этди. Бундан ташқари, кўрилган зарарлар натижасида тадбиркорларнинг катта қисми ўз фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлди.
Туризм соҳасининг жадал тикланишини, чет эллик сайёҳларни маҳаллий туристлар билан алмаштирилишини таъминлаш мақсадида мамлакат Президентининг иккита фармони ва битта қарори, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг учта қарори қабул қилинди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича қатор устувор чоралар кўрилди. Хусусан, туризм соҳасида ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун жами 50 дан ортиқ турли хил имтиёз ва преференциялар белгиланди.
Шунингдек, мамлакатнинг бир қатор аэропортларида “очиқ осмон” режимини ўрнатиш, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилди, сайёҳлар учун “Uzbekistan/ Safe travel GUARАNTEED” хизмати, илк бор “Fast Track” санитария-эпидемиология хавфсизлик тизими жорий этилди. Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида янги авиарейслар ва темир йўл алоқа йўналишларини очиш бўйича чоралар кўрилди, баъзи миллий байрамларни нишонлаш пайтида камида уч кундан иборат дам олиш кунлари белгиланади.
Шу билан бирга, сенаторлар таъкидлашича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳолатини таҳлил қилиш, Сенатга юридик ва жисмоний шахслардан тушган мурожаатларни ўрганиш, экспертлар ва тадбиркорлик субъектларининг фикрларини ўрганиш мамлакатда туризм соҳасини тиклаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини пасайтирадиган қатор муаммолар ва камчиликлар борлигини кўрсатди.
Жумладан, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари охиригача ижро этилмаган, туристлар хавфсизлигини таъминлаш тизимини жорий этиш жараёни лозим даражада амалга оширилмаган, авиа- ва темир йўл орқали ташиш нархлари баланд.
Муҳокама чоғида бозорда рақобат кучайиб бораётган шароитда туризм соҳасини тиклаш масалалари туристик хизматларни кенгайтиришни талаб қилиши ҳам таъкидланди. Ҳозирги вақтда халқаро бозорларда таклиф қилинаётган туризм турлари суст диверсификация қилинган. Туризмнинг қатор йўналишлари, масалан, Luxury туризм, онлайн-туризм, ов туризм йўналиши салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган ва умуман ривожлантирилмаган, тиббиёт туризмини тарғиб қилиш соҳасида жиддий силжиш йўқ. “All inclusive” каби оммабоп сайёҳлик хизматлари шаклларидан фойдаланилмайди.
Бундан ташқари, туризм соҳасида кадрлар билан ишлаш сифатини ошириш муҳимлиги таъкидланди. 2019-2020 ўқув йилида соҳада юқори малакали кадрларнинг кескин етишмаслиги кузатилганига қарамай, туризм йўналишидаги олий ўқув юртларини тугатган бакалавриат битирувчиларининг 37 фоизи иш билан таъминланмаган.
Шунингдек, бизнес учрашувлар, реклама ва пресс-турлар каби машҳур шакл ва усуллардан фойдаланишда юзага келган чекловлар туфайли туризмни маркетинг орқали тарғиб қилиш стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенатнинг тегишли Қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлис давомида Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг ҳолати ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 12 март куни ўтказилган ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўплаб ҳудудларда автомобиль йўлларининг бугунги аҳволи ачинарли эканлиги, йўлнинг асфальт қопламаси ёғингарчиликдан сўнг қониқарсиз ҳолатга келиб қолаётганлиги қайд этилган эди.
Шу муносабат билан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг ҳолати ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ўрганиб чиқилди.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, йўл ҳаракати қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳани тубдан ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, ўтказган таҳлиллар ушбу соҳада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан:
биринчидан, 2021 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 184,8 минг км автомобиль йўллари (жумладан, 42,9 минг км умумий фойдаланишдаги, 132 минг км ички хўжаликлараро, 24,8 минг км идоравий автомобиль йўллари ва 9,9 минг км шаҳар кўчалари)нинг 77,9 минг км қисми ёки 42,2 фоизи таъмирталаб ҳолатда.
Айрим автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари йилдан-йилга ўтиб, чўзилиб кетмоқда ва якунига етказилмаган.
Оқибатда аксарият ҳолларда йўл қопламасининг юқори қатлами ётқизилмаяпти ҳамда тегишли йўллар фойдаланишга топширилмаяпти. Бу эса мазкур йўлларда сақлаш ишларини олиб боришга имкон бермаяпти.
Жумладан, белгиланган меъёрларга зид равишда йўл қопламасига майда донали зич асфальт-бетон қопламасини ётқизмасдан, йирик донали ғовак асфальт-бетонли қуйи қатлам билан қолдирилмоқда.
Бундай йўлларда транспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида йўл қопламалари жуда тез бузилмоқда. Шунингдек ёғингарчилик ва об-ҳаво билан боғлиқ бошқа омиллар ҳам сифатсиз йўлларнинг қисқа муддатларда яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланишини келтириб чиқараётган бундай сабаблар фуқароларнинг автомобиль йўлларининг бугунги ҳолатидан норозилигини ҳам кучайтирмоқда.
Энг ачинарлиси, автомобиль йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ёки охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларида фуқаролар жароҳати ва ўлими билан боғлиқ йўл- транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.
Хусусан, 2019-2020 йиллар давомида юз берган 556 та ана шундай йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 240 киши вафот этган, 481 киши жароҳат олган.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
9 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, минтақавий автомобиль йўлларини, кўприкларни, йўл ўтказгичларни ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек уларни лойиҳалаштириш бўйича ишлар фақатгина Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги корхоналар томонидан бажарилиши билан боғлиқ тартиб бекор қилинган.
Бироқ, бугунги кунда ҳам ушбу ишларнинг аксарияти Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги корхоналар томонидан бажарилмоқда.
Автомобиль йўли қурилиши соҳасига оид барча функцияларнинг битта ташкилотда жамланиши эса автомобиль йўлларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мисол учун, Амирсой тоғ курортига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилиб, камчиликлар мавжудлиги сабабли меъёрий ҳужжатлар талабларига тўлиқ мослаштириб, қайтадан экспертизадан ўтказиш лозимлиги тўғрисида хулоса берилган.
Шундан сўнг яна икки маротаба Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан Тошкент вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига Амирсой тоғ курортига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта экспертизадан ўтказмасдан туриб, қурилиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги тўғрисида хатлар юборилган бўлишига қарамасдан, “Тошкент вилояти минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси томонидан йўл қурилиши давом эттирилиб, якунига етказилган.
Оқибатда жорий йил март ойида айнан мазкур йўлда кўчки содир бўлиб, автомобиль йўлига жиддий зарар етказилган.
Учинчидан, Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхона ва ташкилотлар балансидаги 161 та асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехининг
107 таси ўтган асрнинг 90-йилларигача ишга туширилган ва бугунги кунда уларнинг 55 таси носоз ҳолатда, 9 таси эса мутлақо яроқсиз. Мавжуд асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехларининг бугунги кундаги қуввати бор-йўғи 66 фоизни ташкил қилмоқда.
Бундан ташқари, қайд этилган цехларнинг фақатгина 25 тасида синов лабораториялари мавжуд, бор-йўғи биттаси Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қарор талаблари асосида аккредитация қилинган, холос.
Асфальт-бетон маҳсулотларининг ва пировардида йўл-қурилиш ишларининг сифатсизлиги мазкур омилларга ҳам бевосита боғлиқ.
Тўртинчидан, республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда 15 мингга яқин кўприк мавжуд бўлиб, шундан 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичларнинг эксплуатацион ҳолати яроқсиз, қониқарсиз ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Бундан ташқари, автомобиль йўлларида жойлашган ва эгаси аниқланмаган кўприкларни сақловчиларга топшириш ишлари амалга оширилиши ўрганилганида 3477 дона кўприк ўз эгаларига берилмагани аниқланди.
Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва яроқсиз ҳолга келган кўприклар эса фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Сенаторлар томонидан мазкур масаланинг бугунги кундаги аҳамиятлилиги эътиборга олиниб, Сенат қарори лойиҳаси бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Қўмита аъзолари томонидан Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови бўйича тақдим этилган жавобни ҳудудлар кесимида (Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида) ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича 15 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижрога қаратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар юзасидан қўшимча чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, парламент сўровида кўрсатилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали дори воситаси
ва тиббий буюмларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш ҳамда махсус қўлланиладиган биологик актив моддаларни четдан келтириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома бериш хизмати жорий этилмаган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг дубликатини бериш бўйича хизмат жорий этилмаган.
Идоралараро электрон маълумотлар алмашивуни (интеграция) йўлга қўйилмаганлиги оқибатида васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда судланганлик ҳамда номида турар жой мавжуд ва йўқлиги ҳақидаги маълумотлар фуқаролардан ҳамон талаб қилиниб келинмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда қўлланиладиган электрон маълумотлар базаларини шакллантириш, давлат органлари томонидан ахборот тизимларини яратиш ва улардаги маълумотлар тўпламларини рақамлаштириш масалалари очиқ қолган.
Муҳокамада сенаторлар томонидан:
-электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш тизимини такомиллаштириб, амалиётга тўлиқ жорий этишни йўлга қўйиш;
-давлат хизматлари порталининг мобил иловасини ривожлантириб, жисмоний ва юридик шахсларга қулай ва тез давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;
-идоралараро интеграция даражасини ошириш, архив ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириб, ахборот технологиялари тизимини янада ривожлантириш ҳамда маҳаллий Кенгашларда ахборотларни беришни йўлга қўйиш каби тавсиялар билдирилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенаторлар 2020 йил Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.
Мазкур парламент сўрови натижалари 2020 йил 21 октябрда Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, Ҳукумат томонидан айрим масалаларга аниқ жавоб берилмаганлиги қайд қилинган эди.
Хусусан, тиббий-меҳнат экспертиза хизмати фаолиятини комплекс тартибга соладиган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, фуқароларнинг тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтиш тартибининг мураккаблиги, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган беморларни қўшимча тиббий текширувдан ўтказмасдан туриб ногиронлик белгилаш тизими йўлга қўйилмаганлиги танқид қилинган ҳамда Сенат қарори билан қўшимча муддат ва топшириқлар берилган эди.
Муҳокамада Ҳукумат томонидан мазкур масала батафсил ўрганиб чиқилганлиги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ–6195-сонли Фармони қабул қилинганлиги қайд этилди.
Шунингдек, тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифатини ошириш, тизим ходимларининг малака ва касб маҳоратини оширишни назарда тутувчи Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Сенаторлар томонидан “Йўл харитаси”да ногиронликни белгилашда шахсни “тиббий-меҳнат” экспертизадан ўтказиш тизимидан воз кечилиб, “тиббий-ижтимоий” экспертизадан ўтказиш тизимига ўтиш, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш бўйича педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини ташкил қилиш, ногиронликни белгилашни ягона тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими томонидан амалга ошириш каби вазифалар ўз аксини топганлиги таъкидланди.
Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доимий назоратда бўлиши юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда кўрилган навбатдаги масала — Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари.
Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари 2020 йил 5 февралдаги Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, сўровда кўтарилган масалаларга етарлича жавоб берилмаганлиги қайд қилинган.
Хусусан, илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2021 йилга улуши кўрсатилмаганлиги, докторантлар билан ишлаш, улар томонидан олиб борилаётган ишларни мониторинг қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, мустақил тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни мақолалари нуфузига қараб моддий рағбатлантириш тизими ҳақида маълумот берилмаганлиги, илмий салоҳиятни ошириш йўналишида таҳлиллар, режалар ва аниқ таклифлар берилмаганлиги, олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс маркази тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг илмий ва бадиий китоб фондини янгилаш бўйича аниқ чоралар белгиланмаганлиги танқид қилинган ҳамда Сенат қарори билан қўшимча муддат ва топшириқлар берилган.
Муҳокамада парламент сўрови Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисида муҳокама қилиниб, илм-фан ва илмий фаолият соҳасини ривожлантириш юзасидан 2021 йилда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги ҳамда парламент сўровида қўйилган масалаларга юзаки ёндашган мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш чоралари кўрилганлиги алоҳида таъкидланди.
Парламент сўровида кўтарилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Хусусан, миллий илм-фан ва инновация тизимини ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрнини ошириш, ҳудудларда инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарори қабул қилинган.
Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг илм-фан соҳасига Жаҳон банкининг 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли қарз маблағларини жалб қилишга қаратилган 2021 йил 3 апрелда “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Мустақил тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчиларнинг мақолалари нуфузига қараб моддий рағбатлантириш тизими яхшиланган.
Шу билан бирга сенаторлар томонидан докторантлар билан ишлаш, улар томонидан олиб борилаётган ишларни назорат (мониторинг) қилиш чоралари етарли даражада ташкил этилмаганлиги, жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида илмий даражали кадрлар тайёрлаш институтлари мавжуд бўлган 125 та олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда жами 1 795 нафар тадқиқодчи докторантура босқичини тамомлаган бўлса-да, уларнинг фақатгина 1 080 нафари (60,2 фоиз) илмий даражасини олиш учун диссертациясини белгиланган тартибда ҳимоя қилганлиги (шундан 313 нафари ёки 29,0 фоизи ўз муддатида ҳимоя қилган) танқид қилинди.
Мажлисда парламент сўровида белгиланган масалалар юзасидан Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режасининг ижроси Сенат назоратида қолдирилиши тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Қолаверса, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди. Шу жумладан, Сенат қарори билан Олий суд судьялари Раҳматилла Салайдинович Орзиқулов ҳамда Шуҳрат Эсанбаевич Ражабов бошқа ишга ўтганликлари муносабати билан Олий суд судьяси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари тасдиқланди.
Ялпи мажлисда 23 та масала, шу жумладан, 11та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.