Вирусли гепатит А касаллиги – бу ўткир юқумли жигар касаллиги бўлиб, қўзғатувчиси гепатит А касаллиги вируси ҳисобланади. Ҳар йили ўн миллионга яқин одам ушбу касалликка чалинади.
Мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болалар бошқаларга нисбатан кўпроқ касалланади. Инкубацион даври, яъни вируснинг организмга тушиши ва касалликнинг илк белгилари пайдо бўлиши 15 кундан 50 кунгача бўлган даврни ўз ичига олади. Касалликнинг юқиш йўли алиментар йўл билан – вирус билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари, сув, ўйинчоқлар ва ифлос қўл орқали юқади. Вирус ташқи муҳитга чидамли 60°C ҳароратгача бўлган чучук ва шўр сувда бир неча ойлаб сақланиши мумкин. Гепатит А касаллиги жигар тўқималарини яллиғланиш ва некрозли ўзгаришлар ва интоксикация (заҳарланиш) синдромларини пайдо бўлиши, жигар ва талоқни катталашиши, жигар фаолиятининг клиник ва лаборатор бузилишлари, сариқлик белгиларининг пайдо бўлиши, сийдик рангини тўқ рангга кириши ва ахлатни рангсизланиши билан характерланади. Касаллик клиникасида қуйидаги симптомлар намоён бўлади: ҳолсизлик ва дармонсизлик, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниш ва қайт қилиш, мушакларда оғриқ. Яшаш ва иш жойларининг санитария жиҳатдан қониқарсиз ҳолатда бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, аҳолининг зичлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш қоидаларини бузилиши, сифатсиз ичимлик сувидан фойдаланиш вирусларнинг кўпайишига шароит яратади.
Вирусли гепатит касаллигидан қандай ҳимояланиш керак?
• Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш.
• Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, овқат тайёрлаш ва овқатланишдан олдин, жамоат жойлари ва ҳожатхонага боргандан сўнг қўлни яхшилаб совунли сувда ювиш.
• Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлаш жараёнларида санитар-эпидемиологик қоидаларга риоя қилиш.
• Мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин оқар сувда яхшилаб ювиш, сўнгра қайнаган сувда ювиш.
• Яшаш жой гигиенасига риоя қилиш: хоналарни шамоллатиш ва намли тозалов ишларини олиб бориш.
• Пашшаларга қарши – ичак инфекцияларини ташувчиларига қарши кураш.
Ёдда тутинг! Профилактик қоидалар кундалик турмуш тарзингизга айланиши керак! Бундан ташқари, вирусли гепатит А касаллигига энг самарали усул бу касалликка қарши эмлашдир!