Янгиобод тумани ҳокими И.Қаршибоев қишлоқлардаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида Чаканд қишлоғидаги мактаб қошида ташкил этилган, қишлоқнинг олис ўтмишидан гувоҳлик берувчи тарихий манбаларни ўзида жам қилган музейга ташриф буюрди.
Чаканд кичик қишлоқ бўлсада ўзининг узоқ ва бой тарихи, урф-одатларига эга. Бу қишлоқдан кўплаб зиёлилар, юрт фидоийлари чиқишган. Қишлоқнинг узоқ ўтмишидан сўз очувчи кичик музей ана шу маълумотларни ўзида жамлаган.
Мўжазгина музейда қишлоқ аҳолисининг ўтмишдаги яшаш тарзи, урф-одатларини акс эттирувчи маиший рўзғор буюмлари, либослари, ўз аҳамиятига эга эски ҳужжатлар, қишлоқдаги топилмалар, хонадонларда сақланиб қолган тарихий буюмлар ҳамда фидоийлик кўрсатган қишлоқ инсонлари суратларидан иборат 500 га яқин турфа экспонатлар жой олган.
Туман раҳбари музейдаги ашёлар билан танишар экан, бу жой ёшлар учун илм-маърифат масканига айланиши лозимлигини таъкидлаб, музей биносини таъмирлаш ва уни янада бойитиш масаласида фаоллар билан фикр алмашди ҳамда ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати