Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан талабаларга ажратиладиган таълим кредитига оид қарорни имзоладилар. Бу эса Олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятларни кенгайтиради. Қарорга мувофиқ, 2021/2022-ўқув йилидан барча олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт тўлов асосида таҳсил олиш учун кредит ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Тижорат банклари Марказий банкнинг асосий ставкаси (14 фоиз)да таълим кредити ажратади. Талаба кредитни ўқишни тугатиб диплом олгач, еттинчи ойдан бошлаб етти йил давомида қайтаради.
Кредитни расмийлаштиришда талабанинг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари биргаликдаги қарз олувчи сифатида қатнашишишга рухсат берилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан кредит учун гаров ва кафиллик талаб қилинмайди. Бундай енгиллик албатта кўплаб мурожаатларнинг олдини олибгина қолмай, ўрта даромадли оилаларни ота-оналар ва фарзандларимиз орзусининг рўёбидир. Олий таълимга кириш натижалари эълон қилингандан кейин округларда сайловчилар билан учрашувларимизда, таълим кредитига доир мурожаатлар бўларди.Ушбу қарор айни вақтда қабул қилинди деб ўйлайман.
Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси тузилиб, унга 2021 йилда камида 1 триллион сўм ажратилади. Жамғарма тижорат банкларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада ресурслар ажратади. Асосий ставка пасайса, кредит ва ресурс ставкаси ҳам пасаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолиши фуқароларимиз учун яратилган бир имкониятдир.
Муқаддас Ўразалиева,
ЎзХДП фракцияси аъзоси